Жаҳон | 11:13 / 27.02.2025
3726
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Трамп билан 28 феврал куни учрашишини тасдиқлади

Украина президенти Қўшма Штатлар билан музокаралар ўтказиши ва табиий ресурслар бўйича келишувни муҳокама қилиш учун Доналд Трамп билан учрашишини эълон қилди.

Фото: Украина президенти офиси

Киев келаси жума, 28 феврал куни АҚШ билан музокаралар ўтказишга тайёрланмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский шу куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Зеленскийнинг 26 феврал, чоршанба куни ватандошларига қилган кечки мурожаатида айтилган.

«Гуруҳларимиз Америка билан ишламоқда, шу жума куни музокараларга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Америка билан келишув. Давлатимиз ва халқимизни қўллаб-қувватлаш. Тинчлик ва хавфсизлик кафолатлари Россия бошқа халқлар ҳаётини йўқ қилмаслиги учун калитдир. Мен президент Трамп билан учрашаман. Американинг ёрдами тўхтатилмаслиги мен ва бутун дунё учун муҳим. Тинчлик йўлида куч-қувват керак», деди Украина раҳбари.

Зеленский Киев барча саъй-ҳаракатларини кенг кўламли ҳамкорлар билан мувофиқлаштирганини ва унинг фикрича, «европаликлар Европага оид барча дипломатик саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлиши керак»лигини қўшимча қилди.

Киев АҚШ билан ресурслар бўйича битим имзолашга тайёр

Аввалроқ, 26 феврал куни Украина бош вазири Денис Шмихал Киев ҳукумати «Украина ва АҚШ ўртасида сармояларни тиклаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаш учун зарур қарорлар қабул қилаётганини» айтди. Шартнома Қўшма Штатларга Украинанинг минерал ресурсларига киришини таъминлашга қаратилган. АҚШ президенти Доналд Трамп бу келишувни унинг мамлакати Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ажратган маблағларни қоплаш усули сифатида кўрмоқда.

Володимир Зеленский ушбу ҳужжатнинг дастлабки нусхасини имзолашдан бош тортди. 23 феврал куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф CNN телеканалида Трамп Зеленскийга «хабар» жўнатганини ва у битимни имзолаш борасида «энди иккиланаётганини» айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид