Иқтисодиёт | 12:29 / 03.03.2025
3070
2 дақиқада ўқилади

Покистон тўқимачилик корхонаси Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга оширади

Ўзбекистон делегацияси  Покистоннинг Карачи шаҳрига ташрифи давомида Union Fabrics тўқимачилик компанияси фаолияти билан танишди.

Фото: "Дунё" АА

Корхонанинг мато ишлаб чиқариш, унга бўёқ бериш, гул тушириш ва савдога юбориш билан боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнлари жойида ўрганилди.

Шундан сўнг, мамлакат делегацияси иштирокида Ўзбекистонда Home Textile (уй текстили) ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон томони мазкур лойиҳани амалга ошириш учун барча шароитларни, жумладан, бинолар билан таъминлаш ва солиқ имтиёзларини ажратишга тайёр эканлигини билдирди. Компания раҳбари Шоайб Далал, ўз навбатида, уй текстили маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга мўлжалланган, 50 та саноат тикув машиналари ўрнатилган корхона ташкил этиш бўйича лойиҳани техник жиҳатдан ўрганиб, тез фурсатларда тегишли маълумотларни тақдим қилиши айтди.

Учрашув давомида тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш, мавжуд маҳсулотларни сотиш, хомашё таъминоти масалалари бўйича томонларнинг таклифлари кўриб чиқилди.

Томонлар, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотларининг турларини кўпайтириш орқали икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва янги товарлар ҳисобига экспорт-импорт муносабатларини жадаллаштириш борасида аниқ келишувга эришди.

Музокаралар якунида Union Fabrics иштирокида Ўзбекистонда уй текстили йўналишида қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид