Сурияда алавийлар исён кўтарди
Қўзғолончиларга Башар Асад армиясининг собиқ генерали бошчилик қилаётгани айтилмоқда.
6 март куни Сурия ғарбидаги Латақия ва Тартус вилоятларида қуролли тўқнашувлар бошланди. Бунда алавийлар иштирок этмоқда — бу ўзига хос этно-конфессионал гуруҳ ҳисобланади. Улар ўзларини шиа мазҳабининг махсус тармоғи тарафдорлари деб ҳисоблайди, ҳокимиятдаги суннийлар эса уларни ҳатто бидъатчи ҳам эмас, балки ғайридин деб билади.
Алавийлар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади, Латақия ва Тартусда эса улар кўпчиликни ташкил қилади. Бу стратегик жиҳатдан жуда муҳим вилоятлардир: мамлакатнинг фақат шу қисми Ўрта Ер денгизига туташган. Россия ҳарбий базалари ҳам шу ҳудудда жойлашган.
Сурия собиқ президенти Башар Асад ва унинг оиласи ҳам алавийларга мансуб. Улар доимо ўз режими дунёвий эканини таъкидлаган, аммо асосий лавозимларга, айниқса куч тузилмаларида, алавийларни тайинлашни афзал кўришган. Режим ўзгарганидан сўнг, алавийлар жамоаси Асадлар сулоласига содиқ қолишда ва собиқ тузумни тиклашга интилишда гумон қилинмоқда.
Шу билан бирга, алавийлар охирги пайтларга қадар друзлар, курдлар ва Суриядаги бошқа конфессионал ва этник жамоаларнинг лашкарлари каби уюшган ҳарбий кучларига эга эмасди. Асадлар даврида бу вазифани амалда расмий қуролли кучлар – Сурия араб армияси бажарган. 2024 йил декабр ойида Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, бу армиянинг аксарияти тарқалиб кетди.
Асадлар режими қулаганидан кейин Сурияда ҳокимиятни қўлга олган суннийларнинг «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) ҳаракати алавийларнинг бирлашишига ва янги ҳарбий кучга айланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб келмоқда. Бу уринишлар алавийлар истиқомат қилувчи қишлоқларни «тозалаш» ва ҳатто уларни ўққа тутишни ҳам ўз ичига олади.
6 март куни янги ҳукуматнинг бундай сиёсатига қарши норозиликларнинг навбатдаги тўлқини тартибсизликларга, кейин эса жангларга айланиб кетди.
Дамашқдаги ҳукумат вакиллари таъкидлашича, алавийларнинг турли шаҳарлардаги намойишлари олдиндан режалаштирилган. Исёнчилар маъмурий биноларни эгаллай бошлаган. Дамашқ, Ҳама ва Ҳалабдан Латақия ва Тартусга ёрдам кучлари юборилганида, кўплаб колонналар пистирмага дуч келган.
Шу куни интернетда «Сурияни озод қилиш ҳарбий кенгаши» тузилгани ва ҲТШ режимига қарши исён кўтарилгани ҳақидаги ҳужжат пайдо бўлди. Ҳужжатни Асад Сурия араб армиясининг 4-зирҳли дивизияси таркибидаги бригадага қўмондонлик қилган генерал Ғиёс ад-Давла имзолаган. Ушбу дивизия қўмондони эса Башарнинг укаси ва каптагон гиёҳвандлик моддасини ишлаб чиқарувчи давлат наркокартелининг бошлиғи Моҳир Асад эди.
Моҳир Асаднинг ўзи акаси билан Россияда экани айтилади. Яқинда Сурия ахборот вазирлиги у мамлакатга қайтгани ҳақида тарқалган миш-мишларни рад этганди.
7 март куни тушдан кейин берилган маълумотларга кўра, ҲТШнинг қўшимча кучлари Латақия ва Тартусга етиб борган ва Дамашқ расмийлари йирик шаҳарлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлган. Исёнчилар тоғларга чекинган, ҳудуддаги қишлоқларда маҳаллий аҳоли вакиллари устидан оммавий қатллар бошланиб кетган.
Қанча одам ҳалок бўлгани аниқ маълум эмас. Турли манбаларда ўнлаб ёки юзлаб қурбонлар ҳақида айтилмоқда.
Associated Press маълумотларига кўра, ўнлаб одамлар Россиянинг Ҳмеймим базаси олдида тўпланган — у энг шиддатли жанглар кечган Жабла шаҳрига яқин жойлашган. Алавийлар Россияни ўз иттифоқчиси деб билади, ушбу давлат Асадлар режимининг иттифоқчиси эди ва ағдарилган диктаторга бошпана берган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу воқеаларга изоҳ беришдан бош тортди.
Ўз навбатида, Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (қароргоҳи Лондонда) Ҳмеймим яқинида исёнчилар билан узоқ давом этган жангдан сўнг хавфсизлик кучларининг ўнлаб жангчилари Россия ҳарбийлари ҳимоясига ўтганини маълум қилди.
Алавийлар қўзғолонини аллақачон Сурияда Асад тахтдан ағдарилганидан кейинги энг қонли воқеа деб аташмоқда. Ўтган уч ой ичида мамлакатда кўплаб жанглар бўлиб ўтди: янги режим жанубда друзлар ва шимоли-шарқда курдлар билан можароли ҳолатда. Шу пайтгача тўқнашувлар асосан локал кўринишда бўлиб, тезда тўхтаган. Агар янги ҳокимият алавийлар қўзғолонини тезда бостира олмаса, бу бошқа жамоалар билан зиддият кучайишига олиб келиши мумкин. Ана шунда янги фуқаролар уруши бошланиб кетиши мумкин.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Бундесвер ўзининг биринчи ҳудудий мудофаа бўлинмасини ташкил қилди
Жаҳон | 15:32
-
Германиянинг Украинага ёрдами 3 миллиард еврога оширилади
Жаҳон | 15:27
-
Қорақалпоғистонда илк бор Орол маданият саммити ўтказилади
Жаҳон | 15:03
-
🔴LIVE: Путиннинг оғир талаблари ва Трампнинг фейк тарқатиши — Геосиёсий ҳафта таҳлили
Жаҳон | 14:37
Мавзуга оид

16:59 / 14.03.2025
Суриянинг янги президенти 5 йиллик ўтиш даври учун конституциявий декларацияни имзолади

14:23 / 13.03.2025
SOHR: Минглаб алавийлар зўравонликлар туфайли Хмеймим базасига қочиб кирди

21:40 / 11.03.2025
Сурия ҳукумати алавийлар исёнини бостирди

10:07 / 11.03.2025