Жаҳон | 17:27 / 12.03.2025
3998
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи АҚШ янги тарифларига жавоб чораларини қўллади

Жавоб чекловлари 1 апрелдан кучга киради ва 8 миллиард евролик Америка товарларига таъсир қилади.

Фото: AP

Қўшма Штатлар пўлат ва алюминий импортига қўшимча тарифлар жорий қилганидан кейин Европа Иттифоқи (ЕИ) 26 миллиард евролик жавоб чораларини эълон қилди.

Европа Комиссияси баёнотида АҚШ томонидан пўлат маҳсулотларига қўйилган янги тарифлари «асоссиз» эканлигини ва Брюссел бунга жавобан «тез ва мутаносиб» чоралар кўришини айтди.

Европа Иттифоқи АҚШ тарифлари трансатлантик савдога путур етказади, бизнес ва истеъмолчилар учун қўшимча харажатлар келтириб чиқаради ва нархларнинг ошишига олиб келади, деб ҳисобламоқда. Еврокомиссия босқичма-босқич ҳаракат қилиш ниятида.

Европа Иттифоқининг жавоб чекловлари 1 апрелдан кучга киради ва 8 миллиард евролик Америка товарларига таъсир қилади. 18 миллиард евродан ошиқ савдо чекловларининг иккинчи тўлқини 13 апрелдан кучга киради.

Умуман олганда, Европа Иттифоқининг жавоб чоралари АҚШ импортининг 26 миллиард евро миқдорини қоплайди, бу АҚШ янги тарифларидан келиб чиқадиган тахминий зарарга тенг.

Брюссел музокаралар учун очиқ эканлигини ва томонлар ўзаро мақбул ечим топса, жавоб чораларини бекор қилишга тайёрлигини таъкидламоқда. Бироқ келишув бўлмаса, Европа Иттифоқи Америка экспортига қарши санкцияларни қўллашда давом этади.

АҚШ томонидан пўлат ва алюминий импортига янги 25 фоизлик божлари 12 мартдан кучга кирди.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид