Ўзбекистон | 21:22 / 17.03.2025
16371
4 дақиқада ўқилади

Magic City'нинг эгаси яна ўзгаради

Миллий боғнинг салкам 21 гектарлик қисмини 49 йилга ижарага олган Stargate Systems таъсисчилари яна ўзгариши кутилмоқда. Пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев боғ ҳудудида Magic City'ни ташкил этиб, сўнг уни куёвига берганди. Эндиликда компаниядаги асосий улушлар у билан битта манзилда жойлашган “Xonadon taomlar” МЧЖга ўтмоқда.

Фото: Яндекс-хариталар

Рақобат қўмитаси “Stargate Systems” МЧЖнинг 86,2 фоиз улушини олиш бўйича “Xonadon taomlar” МЧЖ берган аризани қаноатлантирди.

“Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битимлар бозорда рақобатга таъсир кўрсатмаслиги бўйича хулосага келинди ва аризани қаноатлантириш ва битимларга розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди”, – дейилади идора матбуот хизмати хабарида.

Stargate Systems – Тошкент марказидаги Ўзбекистон Миллий боғининг 20,8 гектарлик қисмини 49 йилга ижарага олиб, Magic City кўнгилочар мажмуасини ташкил этган.

Компания 2005 йилда рўйхатга олинган бўлиб, 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Миллий боғнинг катта қисмини ижарага олган. Ўша вақтда Stargate Systems AKFA компаниялар гуруҳи таркибида эди. Бу гуруҳ эса, пойтахтнинг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. “Magic City” савдо белгисини ҳам 2020 йилда Ортиқхўжаевнинг J-United Group компанияси рўйхатдан ўтказган, кейинроқ бу савдо белгиси бўйича ҳуқуқлар Stargate Systems'га ўтказилган.

Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз чиқишларидан бирида 7 та компаниясини, хусусан Magic City'ни ҳам сотганини айтганди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилда Stargate Systems'нинг 99 фоиз улуши “Tashkent Aquarium” МЧЖга ўтишига рухсат берилган.

Tashkent Aquarium'нинг 100 фоизига эгалик қилувчи тадбиркор Алишер Абдувоҳидов (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг куёви, президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ўғли) Stargate Systems'нинг амалда ягона мулкдорига айланган. У ҳозирда Artel Technical School (100 фоиз), Qo‘shni (100 фоиз), Carstone Amusement ва Capital Dynamics'да ҳам улушларга эга. Тўлиқ унга тегишли бўлган Atlas Union ва Comfortrent компаниялари фаолият юритмаяпти.

Миллий боғни бошқараётган компаниянинг бугунги кунда иккита таъсисчиси мавжуд: бевосита Алишер Абдувоҳидовнинг ўзи ҳамда тўлиқ унга тегишли Tashkent Aquarium. Ўтган йили улушларнинг тақсимланиши мос равишда 1 фоиз ва 99 фоиз бўлган, ҳозирга келиб тадбиркор жисмоний шахс сифатидаги тўғридан тўғри улушини 13,8 фоизгача оширган, Tashkent Aquarium ихтиёрида 86,2 фоиз улуш қолган.

Шунга кўра, Stargate Systems улушларининг 86,2 фоизи “Xonadon taomlar” МЧЖга ўтиши билан, Tashkent Aquarium таъсисчилар рўйхатидан чиқиб кетишини тахмин қилиш мумкин.

Xonadon taomlar 2023 йил 27 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Stargate Systems билан битта манзилда жойлашган (Чилонзор тумани Олмазор мавзеси 183А-уй, ҳозирда тугатилган “Ўзбекистон миллий боғи” унитар корхонаси ҳам шу манзилда бўлган). Компаниянинг юридик манзили, реестрда қайд этилган телефон рақами ва электрон почта манзили Tashkent Aquarium'ники билан бир хил.

Фаолият тури сифатида ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш хизматлари кўрсатилган. Устав фонди – 50 млн сўм. Раҳбар сифатида Абдумажидов Бекзод Музаффарович кўрсатилган.

МЧЖнинг ягона таъсисчиси – Муҳаммадиев Фирдавс Файзуллоевич. У 2023 йил 27 декабрда рўйхатга олинган бошқа бир компания – чакана савдо билан шуғулланувчи, юқоридаги манзилда жойлашган Magic Stop'нинг ҳам 100 фоизлик таъсисчиси саналади.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти