Спорт | 15:28 / 20.03.2025
4179
3 дақиқада ўқилади

Бокс 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритилди

Халқаро Олимпия қўмитаси ва IBA ўртасидаги можаро туфайли спортнинг ушбу тури бўйича турнир Олимпия ўйинлари дастуридан чиқарилганди. Масала World Boxing ташкилоти тузилиши орқали ҳал этилди.

Бокс спорт тури расман Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Бу ҳақда Грецияда ўтаётган Халқаро Олимпия қўмитасининг 144-Сессиясида расман эълон қилинди, деб хабар беради МОҚ матбуот хизмати. 

Беллашувлар World Boxing ташкилоти томонидан ўтказилади.

Бунгача Ўзбекистон делегацияси энг кўп медал оладиган бокс бўйича турнир Олимпия ўйинлари дастуридан бутунлай олиб ташланиши ҳақида хавотирлар мавжуд эди. Бунга Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) ўртасидаги можароли муносабатлар сабаб эди.

2023 йилда Халқаро олимпия қўмитаси молия, бошқарув ва ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар туфайли Халқаро бокс ассоциациясини тан олиши ҳақидаги қарорини бекор қилганди. ХОҚ фикрига кўра, 2020 йилда IBA ташкилоти раҳбарлигига келган россиялик Умар Кремлёв вазиятни яхшилай олмади. Оқибатда, тарихда биринчи марта Олимпия спортининг бошқарув органи Олимпия оиласидан чиқариб юборилди.

IBA четлатиш бўйича тавсияни «жирканч ва мутлақ сиёсий» деб атади ва Спорт арбитраж судига мурожаат қилди. Бироқ, суд тавсияни тўхтатиб туриш тўғрисидаги апелляцияни қабул қилмади. Натижада, IBA ташкилотини Олимпия оиласидан чиқариб ташлаш учун ХОҚ қарори қабул қилинишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган бўлди.

«Бокс ва боксчилар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Агар муаммо бўлганида, Токио ва Париждаги мусобақалар ўтказилмаган бўларди. Биз боксни жуда қадрлаймиз, аммо, афсуски, бизда IBA раҳбарияти туфайли жуда жиддий муаммолар мавжуд. Биз боксни жуда қадрлаганимиз сабабли, боксчилар халқаро федерация томонидан адолатли ва шаффоф бошқарувга лойиқ деб ҳисоблаймиз», - деганди ХОҚ раҳбари Томас Бах.

Шундан кейин нидерландиялик Борис ван дер Ворст Умар Кремлёв бошқарувидан норози бўлган 18 та миллий ҳаваскор бокс федерациясини ўз ичига олган World Boxing ташкилотини тузди. Унинг мақсади «ҳаваскор бокснинг Олимпия келажагини сақлаб қолиш» деб аталди.

Ташкилот боксни Олимпия спорти сифатида сақлаб қолиш учун кампания олиб борди ва қисқа муддатда 50 дан ортиқ федерацияни ўз сафига жалб этди. 2024 йил ноябрига келиб Қозоғистон бокс федерацияси ортидан Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам IBA’ни тарк этиб, World Boxing аъзосига айланганди.

Мавзуга оид