Жаҳон | 11:14 / 04.04.2025
3818
2 дақиқада ўқилади

Британия суди Трампга "Стил досьеси" бўйича тўлов мажбуриятини юклади

АҚШ президенти шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун ўзи судга берган Orbis Business компаниясининг юридик харажатларини тўлаши керак. Orbis асосчиси Кристофер Стил Доналд Трампнинг Россия билан алоқалари ҳақидаги досье муаллифидир.

Фото: Jose Luis Magana/AP Photo/picture alliance

Буюк Британия суди 3 апрел, пайшанба куни АҚШ президенти Доналд Трампга унинг Orbis Business консалтинг фирмасига қарши даъвоси билан боғлиқ суд харажатлари учун 626 минг фунт стерлинг (тахминан 744 минг евро) тўлаш мажбуриятини юклади, деб ёзади The Guardian нашри.

Трампнинг Orbis Business'га "Стил досьеси" бўйича даъвоси (компания асосчиси, собиқ MI-6 разведка ходими Кристофер Стил номи билан аталган) 2024 йил февралида рад этилган. Унда АҚШ президенти Россия билан алоқаларда айбланади. Дастлаб суд Доналд Трампга 290 минг фунт стерлинг (тахминан 345 минг евро) тўлаш мажбуриятини юклади, бироқ даъвогар тўловдан бош тортди, шунинг учун унинг миқдори оширилди.

Досьенинг ўзи 2017 йилда Американинг BuzzFeed нашри томонидан эълон қилинган. Унда Россия махсус хизматлари Доналд Трампга 2016 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонишига ёрдам бергани, шунингдек, Россия расмийларида Трампнинг Россияга ташрифи чоғида «бузуқ жинсий ҳаракатлар» содир этгани ҳақидаги видеолар борлиги таъкидланган.

Досьенинг нашр этилиши Доналд Трампнинг инаугурацияси олдидан жанжал келтириб чиқарди. Ундаги баъзи даъволар кейинчалик рад этилди. 2023 йил сентябрида яна Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодини қўйган Трамп шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Кристофер Стилни судга бергани маълум бўлди. Orbis Business маълумотларига кўра, маълумотлар оммага эълон қилиш учун мўлжалланмаган, BuzzFeed эса уни сизиб чиқиш натижасида ва компания ёки Стилнинг рухсатисиз нашр этган. Натижада суд Доналд Трампнинг даъвосини асосий эшитувлар бошланишидан олдин рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид