Ўзбекистон | 19:00 / 04.04.2025
3265
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ўринбосарлари билан учрашди

Давлат раҳбари БМТ аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Хабитат) ижрочи директори Анаклаудия Россбах ва Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни Самарқанд иқлим форуми доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Хабитат) ижрочи директори Анаклаудия Россбах билан учрашди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу нуфузли институти билан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш борасида кўп қиррали шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

БМТ юқори даражали вакили мамлакатимизда «ақлли» ва «яшил» шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган урбанизация соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Шаҳарларни бошқаришга замонавий рақамли ечимларни жорий қилиш, «яшил» қурилиш стандартларини ишлаб чиқиш, шаҳар муҳитида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича махсус дастурни ишга тушириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда Бутунжаҳон тозалик кунини ўтказиш ва Тошкентда ташкилот офисини очиш масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорлик йўналишлари бўйича «йўл харитасини» қабул қилишга келишилди.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни Самарқанд иқлим форуми доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан билан учрашди.

Давлат раҳбари комиссиянинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини, шунингдек, транспорт, инновациялар, тўқимачилик, энергетика, экология ва гендер тенглик соҳаларида, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида кўрсатилаётган экспертлик кўмагини алоҳида қайд этди.

Минтақавий ва мамлакат миқёсидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Мирзиёев томонидан 2023 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида билдирилган ташаббусларни амалий илгари суриш жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томонининг таклифига биноан СПЕКА 2030 йилгача ривожланиш концепцияси қабул қилингани, ЕИК билан савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича «йўл харитаси» имзолангани, Транскаспий йўлаги доирасида рақамлаштириш ва ҳужжатлар алмашинуви бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошида комиссия кўмагида Ўзбекистон Аҳолининг экология ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотдан фойдаланиши тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилди.

Ҳаво конвенцияси ва Саноат аварияларининг трансчегаравий таъсири тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

СПЕКА дастурининг Мақсадли жамғармасини тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид