Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Яшил» водород ва циан тузлари корхоналари ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатидаги лойиҳалар ижроси ва тармоқни диверсификация қилиш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда мутасаддилар бу йилги ишлар ва режалар тўғрисида ҳисобот берди. Қайд этилганидек, жорий йил биринчи чоракда тармоқда 181 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган, 39 миллион долларлик 3 та лойиҳа ишга туширилган. Энди иккинчи чоракда 170 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобидан «яшил» водород ва циан тузлари корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган.
Рақамлаштириш жараёни давом эттирилиб, тармоқнинг ҳамкор соҳалар билан интеграцияси кенгайтирилади. Кимё заводларининг ягона ғазначилик тизимида қўшимча модуллар очилади. «Ягона рақамли платформа» якунига етказилиб, корхоналарнинг 15 та иқтисодий кўрсаткичлари акс эттирилади.

Яна бир муҳим вазифа – энергия самарадорлик. Энергияни тежаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш орқали таннархни камайтириш зарурлиги таъкидланди.
Соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Жадал ривожланаётган ички бозорда маҳсулотларга талаб ортяпти. Жаҳон бозоридаги нобарқарор шароит ҳам янги вазифалар қўймоқда.
Шу боис тармоқни таркибий жиҳатдан ўзгартириш, маҳаллийлаштириш ва қўшилган қийматни ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга ҳозирги замон талаблари ва келгуси иқтисодий прогнозлар асосида кимё саноатини ривожлантириш бўйича янги дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда янги йўналишларни ўзлаштириш орқали тармоқни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга оид
14:24 / 02.06.2026
Уч йилда кимё соҳасида 42 та йирик лойиҳа амалга оширилади
22:02 / 03.12.2025
2026 йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш мақсад қилинди
09:49 / 11.09.2025
Ўзбекистон ва Миср кимё саноатида янги лойиҳаларни бошлайди
18:54 / 08.09.2025