Жаҳон | 20:30 / 05.05.2025
3643
2 дақиқада ўқилади

Москвада парад муносабати билан интернетга кириш чекланади

5 май куни эрталаб ҳудуд аҳолиси мобил алоқа ва интернетдаги узилишлар ҳақида шикоят қила бошлади.

Фото: Reuters

Россия расмийлари «байрам тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш муносабати билан» интернетга киришдаги эҳтимолий чекловлар ҳақида огоҳлантирди. Москва ҳудуди аҳолиси шу ҳақда тегишли SMS-хабарларни олди, деб хабар берди Meduza.

5 май куни эрталаб Москва аҳолиси мобил алоқа ва интернетдаги узилишлар ҳақида шикоят қила бошлади. «Билайн» ва «Мегафон» муаммолар мавжудлигини тасдиқлаб, бу операторларнинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз бераётганини таъкидлади.

Мобил интернетдаги узилишлар ҳақидаги шикоятлар Ғалаба парадининг ҳаво-десант қисми репетициясига тўғри келди.

Бир кун аввал Москва полицияси аҳолидан 9 май арафасида фейерверклардан фойдаланмасликни сўради. Полиция қоидабузарларга маъмурий ва жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилди.

II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган парад 9 май куни эрталаб бўлиб ўтади. Унда йигирмага яқин давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Юқори мартабали меҳмонлар орасида Хитой раҳбари Си Жинпинг, Бразилия президенти Лула да Силва ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.

Кремль апрель ойи охирида Россия ҳарбийлари 8 майдан 10 майгача ўт очишни тўхтатишини эълон қилди ва Украинани бу ташаббусга қўшилишга чақирди. Киев бу таклифни рад қилди: президент Владимир Зеленский Владимир Путинни фақат «парад давомида тинчликни таъминлашдан» манфаатдор, деган фикрни билдирди. Шундан сўнг Киев парадни ўтказиш «хавфсиз» бўлмаслиги мумкинлигини бир неча бор таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид