Жаҳон | 20:05 / 05.05.2025
5150
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кучли шамол сайёҳлик кемаларини ағдариб юборди. 10 киши ҳалок бўлди

Қурбонларнинг сўнггиси 5 май куни сувдан чиқариб олинган. Шунингдек, сувга тушиб кетган 70 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Фото: Xinhua

Хитой жануби-ғарбида кучли шамол тўртта сайёҳлик қайиғини ағдариб юборди. Ҳодиса оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Reuters.

Қайд этилишича, 4 май куни Гуйчжоу провинциясида кучли шамол дарёда сузиб юрган тўртта сайёҳлик кемасини ағдариб юборган. Кемалар ичида одамлар бўлган. Кутилмаган шамол туфайли 84 киши сувга тушиб кетган.

Ҳодиса оқибатида 10 нафар сайёҳ чўкиб кетган. Ҳалок бўлганларнинг сўнггиси 5 май куни сувдан чиқариб олинган. Қолган йўловчилар қутқарувчилар томонидан қирғоққа олиб чиқилган. Хитой ОАВнинг ёзишича, 70 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг барчасининг аҳволи қониқарли.

Сайёҳларни қутқариш операциясига 500 га яқин қутқарувчи жалб этилган. Хитой президенти Си Жингпинг провинция ҳукуматига «барча имкониятларни ишга солишни» буюрган.

Шунингдек, Хитой етакчиси аттракционлар ва жамоат жойларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун хавфсизлик чораларини кучайтириш вазифасини қўйган.

Аввалроқ Хитойдаги ресторанда юз берган ёнғин оқибатида 22 киши ҳалок бўлганди. ХХР етакчиси Си Жинпинг ёнғин сабабини тезроқ аниқлашни талаб қилиб, барча айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид