Жаҳон | 21:04 / 30.05.2025
4590
2 дақиқада ўқилади

Гватемаладан майяларнинг салкам 3 минг йиллик шаҳри харобалари топилди

Шаҳарга милоддан аввалги 800-500 йилларда майялар цивилизациясининг классик давридан олдин асос солинган. У маросимлар ўтказиладиган муҳим шаҳар ҳисобланган.

Фото: AFP/Getty Images

Археологлар Гватемаладан майяларнинг қарийб 3 минг йиллик қадимий Лос-Абуэлос шаҳри харобаларини топди. Ушбу шаҳар маросимлар ўтказиладиган муҳим шаҳар бўлган, деб хабар беради The Guardian.

Олимлар жамоаси Уахактун археологик ёдгорлигидан 21 километр узоқликда жойлашган Эл-Петен департаментидан қадимий шаҳар харобаларини топишга муваффақ бўлди. Лос-Абуэлос шаҳри номи испанчадан «Бобо ва буви» деб таржима қилинади. Қадимий шаҳар майдони 16 километр квадратга тенг.

Қайд этилишича, шаҳарга милоддан аввалги 800-500 йилларда, майялар цивилизациясининг классик давридан олдин асос солинган. Ушбу маданият эрамиздан салкам 2 минг йил олдин пайдо бўлган ва милодий IV-X асрларга қадар замонавий Мексика, Гватемала, Белиз, Салвадор ва Гондурас ҳудудларида гуллаб-яшнаган.

Гватемала Маданият вазирлиги Лос-Абуэлосни майяларнинг энг қадимий диний ва маросим марказларидан бири деб атади.

«Ушбу ҳудуд меъморий режалаштиришнинг ажойиб намунаси бўлиб, у ердаги пирамида ва ёдгорликлар минтақага хос ўйма нақшлар билан безатилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, шаҳар яқинидан баландлиги 33 метрга етадиган пирамида, канал тизими аниқланган. Ушбу топилмалар майялар цивилизацияда муҳандислик маҳорати юқори даражада бўлганини кўрсатади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид