Технология | 01:29 / 04.06.2025
5457
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний фаоллик саратондан ўлим хавфини 30 фоизга камайтиради — тадқиқот

Олимлар йўғон ичак саратони ташхиси қўйилган 889 нафар бемор устида тадқиқот ўтказган. Таъкидланишича, баъзи ҳолларда жисмоний фаоллик дорилардан ҳам яхшироқ самара беради.

Фото: Getty Images

Доимий жисмоний машқлар саратон касаллигининг қайта ривожланиш хавфи ва янги ўсимталар пайдо бўлиш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради. Бу ҳақда Америка клиник онкология жамиятининг (ASCO) йиллик конференциясида тақдим этилган тадқиқот натижаларига таяниб, The Guardian хабар берди.

Шифокорлар анчадан бери фаол турмуш тарзини тавсия қилиб келишса-да, бу тавсиянинг саратон билан касалланган беморлар учун аниқ фойдасини тасдиқловчи илмий далиллар етарли эмас эди. Янги тадқиқот эса ушбу бўшлиқни қисман тўлдирди.

Тадқиқотда йўғон ичак саратони ташхиси қўйилган 889 нафар бемор иштирок этган, улардан 90 фоизида касаллик учинчи босқичда бўлган. АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Австралия ва Исроилда яшовчи иштирокчилар тасодифий тарзда икки гуруҳга бўлинган.

Биринчи гуруҳ фақатгина ахборот материалларини олган. Иккинчи гуруҳ эса мураббий билан ойига икки марта, кейин эса ойига бир марта шуғулланган. Жисмоний фаоллик ҳафтасига уч-тўрт марта 45–60 дақиқалик сайр қилишни ўз ичига олган, беморлар юришдан тортиб чанғи учишгача бўлган юкламани ўзлари танлаган.

Беш йил ўтгач, фаол гуруҳда саратон қайталаниши ёки янги ўсимта пайдо бўлиш хавфи назорат гуруҳига қараганда 28 фоиз камроқ бўлган. Саккиз йилдан сўнг эса ўлим даражаси 37 фоизга пасайган.

Англия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Стивен Поуиснинг сўзларига кўра, жисмоний машқлар вазнни назорат қилишга, иммун тизимини мустаҳкамлашга, яллиғланишни камайтиришга ва умумий ҳолатни яхшилашга ёрдам беради. ASCO тиббий маслаҳатчиси Жулиа Грелоу эса бу сафар жисмоний фаолликнинг фойдаси биринчи марта ишончли илмий далиллар билан тасдиқланганини қўшимча қилди — баъзи ҳолларда у дорилардан ҳам яхшироқ самара беради ва ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид