Жаҳон | 13:35 / 04.06.2025
6650
2 дақиқада ўқилади

NYT: Россия Украинанинг аэродромларга берган зарбаларига «жиддий» жавоб қайтаради

Украина АҚШни бўлажак операция ҳақида хабардор қилмади, чунки у «Вашингтон эътироз билдиришини билар эди» — исми сир қолишни истаган АҚШ расмийлари.

Фото: АҚШ ҳаво кучлари

Россия ҳарбий аэродромларга қилинган ҳужумга жавобан Украинага жиддий зарба беради. Бу ҳақда Американинг The New York Times газетаси аноним қолишни истаган америкалик расмийларга асосланиб хабар бермоқда.

Расмийларнинг айтишича, операция нафақат Россиянинг стратегик имкониятларига зарар етказган, балки Украина атиги 600 долларлик учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган ҳарбий самолётларни йўқ қилишга қодирлигини ҳам кўрсатган.

Шу билан бирга, манбаларнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар, уларнинг фикрича, Россиянинг Украинадаги операцияларини қисқартиришга олиб келмайди, балки Москванинг «жиддий» жавобини келтириб чиқариши мумкин.

Украина «Вашингтон эътироз билдиришини билгани учун» бўлажак операция ҳақида Қўшма Штатларни хабардор қилмади, деди расмийлар.

1 июн куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина FPV дронлардан фойдаланган ҳолда Россиянинг бешта ҳудудидаги ҳарбий аэродромларга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

«Бугун Киев режими FPV дронлар ёрдамида Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги аэродромларга қарши теракт уюштирди», — дейилади хабарда.

«Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги ҳарбий аэродромларда барча терактлар қайтарилди. Мурманск ва Иркутск вилоятларида аэродромлар яқинида жойлашган ҳудуддан FPV дронларнинг учирилиши натижасида бир нечта самолётлар ёниб кетди», — дея хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Айни пайтда Украина томони Россия ҳаво базаларига Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумлари натижасида стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи йўқ қилинганини маълум қилди.

«7 миллиард АҚШ доллари. Бу СБУнинг «Паутина» махсус операцияси натижасида бугун йўқ қилинган душман стратегик авиациясининг тахминий қиймати», — дейилади Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Telegram-каналида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид