Ўзбекистон | 15:21 / 05.06.2025
884
2 дақиқада ўқилади

14 июндан Тошкент-Исломобод йўналишида авиақатновлар бошланади

Мамлакат элчихонаси ташаббуси билан Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Форумда Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Атиф Икрам Шайх ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси раҳбари Усман Шавкат, шунингдек, фармацевтика, қурилиш материаллари, тери ва жунни қайта ишлаш, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритаётган покистонлик етакчи ишбилармон доира вакиллари ва нуфузли тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди. Дипломат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида сўзлади. У Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги чуқур тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ўрнига урғу берди.

Ўзбекистон Покистонни стратегик ҳамкор – Жанубий Осиёга дарвоза деб билади. "Ўзбекистон Покистоннинг яқин ҳамкори. Бироқ, ҳозирги 400 миллион долларлик савдо айланмаси бизнинг салоҳиятимизни тўлиқ акс эттирмайди. Биз бу кўрсаткични беш баробар оширишимиз мумкин", – деди дипломат.

Маърузада, шунингдек, икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик учун устувор бўлган бир қатор соҳаларга тўхталиб, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноати, энергетика, хусусан, қайта тикланувчи энергия, фармацевтика, туризм, логистика ва транспорт инфратузилмаси, омборхоналар, таъминот занжирлари ва минтақавий боғлиқлик тармоқларини истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси бугунги кунда ҳафтасига икки марта Тошкент-Лаҳор йўналишида парвозларни амалга оширилаётгани, 14 июндан бошлаб Тошкент-Исломобод йўналишида ҳам авиақатновлар бошланиши маълум қилинди. Шу боис Покистон авиакомпанияларига ҳам Ўзбекистонга янги рейсларни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид