Жаҳон | 20:14 / 06.06.2025
2983
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ҳарбийлари Буюк Британияда тайёргарликдан ўтади

Икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик шартномасини имзоланди.

Фото: gov.kz

Қозоғистон делегацияси Лондонда Буюк Британия билан ҳарбий ҳамкорликни бошлаш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

«Томонлар Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Мудофаа вазирлиги ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган Ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоладилар», дейилади хабарда.

Делегация Буюк Британия пойтахтига расмий ташриф билан борди. Унга Қозоғистон Мудофаа вазирлиги аппарати бошлиғи, полковник Эрбол Кумарбекули бошчилик қилди.

Битимнинг асосий йўналишлари тинчликпарварлик, тил ўргатиш ва қозоғистонлик ҳарбий хизматчиларни Буюк Британия олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитишдан иборат.

2024 йилда Қозоғистон ва Буюк Британия ҳукуматлари ўртасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, таълим ва савдо соҳасида қатор меморандумлар имзоланган эди. Шу билан бирга, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дэвид Кэмерон Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини келгуси уч йил ичида ривожлантириш лойиҳаларига 50 миллион фунт стерлинг миқдорида маблағ ажратилишини маълум қилди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев аввалроқ ҳар қандай давлатлар ўртасидаги ҳарбий можароларни «ибтидоий ўтмиш сарқити» деб атаган эди.

Қозоғистон Буюк Британиядан ташқари НАТО аъзоси Италия билан ҳам 2021 йилда ҳарбий ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаган. 2025 йилда мамлакат Италия, Ҳиндистон ва Ветнам билан ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид