Жаҳон | 14:11 / 14.06.2025
3012
2 дақиқада ўқилади

ЕИдаги СТГ терминалларига россиялик мижозларга хизмат кўрсатиш тақиқланади

Европа комиссияси 2026 йилдан бошлаб Европа СТГ терминалларини Россия газ экспортчиларига хизмат кўрсатишни тақиқлашга тайёрланмоқда.

Фото: Stefan Sauer/picture alliance/dpa

Европа Комиссияси (ЕК) суюлтирилган табиий газ (СТГ)ни қабул қилиш учун Европа терминалларини Россиядан мижозларга хизмат кўрсатишни тақиқлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 13 июн, жума куни кечқурун Еврокомиссиянинг ички ҳужжатига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

Чеклов 2026 йилнинг 1 январидан кучга кириши мумкин. Россиялик мижозлар билан узоқ муддатли шартномалар бўйича хизматларни тўхтатиш муддати 2027 йилнинг 31 декабрига қадар белгиланди, дейилади 17 июн куни расман эълон қилиниши керак бўлган ҳужжатда.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Европа компанияларидан 2027 йил охиригача бундай импортни тўлиқ тақиқлаш чораларига тайёргарлик доирасида Россия газининг харидлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб қилади, дея қайд этади Reuters. Ҳужжатнинг дастлабки таҳририга кўра, компаниялар божхона органларига «импорт қилинган газнинг келиб чиқиши тўғрисидаги ҳужжатларни» тақдим этиши керак бўлади. Европа Иттифоқи компаниялари учун жорий йил охиригача Россия экспортчилари билан янги битимлар тақиқланиши мумкин.

Еврокомиссия вакили тайёрланаётган ҳужжат тафсилотларига изоҳ беришдан бош тортди, унинг мазмуни ҳали ўзгариши мумкин, дея қайд этади Reuters.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид