Жаҳон | 20:31 / 02.07.2025
3346
3 дақиқада ўқилади

Россия Венесуэлада қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқарадиган завод очди

Мазкур заводни қуришга 2006 йилда президентлар Владимир Путин ва Уго Чавес келишиб олганди. Аммо ўтган йиллар давомида қурилиш ишлари коронавирус чекловлари, санкциялар, шунингдек, коррупциявий можаролар туфайли бир неча бор ортга сурилди.

Фото: Ростех

Венесуэлада Калашников автоматлари учун мўлжалланган 7,62 миллиметр калибрли патронларни ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. «Ростех»нинг маълум қилишича, «Рособоронэкспорт» давлат корпорацияси таркибига кирувчи компания томонидан қурилган корхона йилига 70 миллионтагача ўқ-дори ишлаб чиқара олади.

«Ростех» ижрочи директори Олег Евтушенконинг айтишича, биринчи босқич тўртта ишлаб чиқариш линиясини ўз ичига олади. Улардан иккитасида пўлат ядроли ўқ-дорилар, қолган иккитасида эса ҳавода из қолдирадиган ва пахтавон патронлар ишлаб чиқарилади. Унинг сўзларига кўра, яқин орада Россия компанияси қолган ишлаб чиқариш корпусларини ҳам ишга туширади. Бу эса Венесуэла ҳудудида патронлар ва Калашников автоматларини (АК-103) тўлиқ ишлаб чиқариш циклини йўлга қўйиш имконини беради. Ушбу қурол Венесуэла армияси, полицияси ва бошқа куч тузилмалари томонидан фойдаланилади.

Завод қуввати битта иш сменасида ўн минглаб патрон ишлаб чиқариш имкониятига эга. «Бу Лотин Америкасидаги муҳим шеригимиз билан технологик ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади», - дейди Евтушенко.

Ҳозирда корхона чиқиндиларни утилизация қилиш, ўқ-дорилар учун мўлжалланган таркибий қисмлар сақланадиган омборлар, маҳсулот синови учун тир, шунингдек, ўт ўчириш резервуари ва бошқа қўшимча иншоотларни ўз ичига олган.

«Рособоронэкспорт» бош директори Александр Михеевнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа РФ ва Венесуэлага қарши жорий этилган халқаро санкцияларига қарамай, «бутун дунёга компания ўз шериклари олдида доим ўз мажбуриятини бажаришини кўрсатиб қўйган».

Венесуэлада АК-103 автоматлари ва 7,62 миллиметрли патронларни ишлаб чиқариш бўйича иккита корхона қуришга 2006 йилда президентлар Владимир Путин ва Уго Чавес келишиб олганди. Лойиҳани ишга тушириш 2009 йилда бошланган.

Қурилиш ишлари коронавирус чекловлари, санкциялар, шунингдек, коррупциявий можаролар туфайли бир неча бор ортга сурилган. Хусусан, 2015 йилда 1 миллиард рублдан ортиқ маблағ талон-торож қилиниши айблови билан ҳарбий заводлар қуриш бўйича пудратчи компания раҳбари, собиқ сенатор Сергей Попелнюхов ҳибсга олинганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид