Жаҳон | 07:18 / 08.07.2025
2054
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркманистон қўшма таълим дастурларини ташкил этади

Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимовнинг Туркманистон таълим вазири Жумамурат Гурбангелдиев билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида икки қардош мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки қардош давлат ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш, қўшма таълим дастурларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ректорлар форумлари ва ёш олимлар конференцияларини ўтказиш, стартап-инкубаторлар ташкил этиш, талабалар ва ёш мутахассислар иштирокида хакатонлар ўтказиш, рақамли таълим платформаларига ўзаро кириш имконини яратиш ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Мулоқот чоғида муҳим воқеалардан бири сифатида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Туркманистон қишлоқ хўжалиги университети ўртасидаги ёзги ўқув амалиёти доирасида талабалар алмашинуви ташкил этилгани қайд этилди.

Туркман томони Ўзбекистон таълим ва фан муассасалари вакилларини 2025 йил октябр ойида Ашхободда ўтказиладиган таълим соҳасига бағишланган халқаро кўргазма ва илмий анжуманда иштирок этишга таклиф этди.

Мамлакат элчиси, ўз навбатида, Туркманистонда Ўзбекистон университетлари кўргазмасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид