Жаҳон | 20:48 / 08.07.2025
2816
2 дақиқада ўқилади

ХАЭА раҳбари Эроннинг ядро дастурини йўқ қилиб бўлмаслигини айтди

У муаммони ҳарбий эмас, балки дипломатик келишув орқали ҳал қилишга чақирди.

Фото: Getty images

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэл Гросси Эроннинг ядровий дастурини бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, деди. Шу муносабат билан, унинг айтишича, бу масалани дипломатик йўл орқали ҳал қилиш керак.

«Ечим ҳарбий бўлиши мумкин эмас, чунки технологик ва саноат базасига эга бўлган бундай муҳим давлатнинг салоҳиятини бутунлай йўқ қилиш иложсиз. Ҳар бир эҳтимолий сценарийда дипломатик келишувга эришиш керак. Бундай келишувнинг бир қисми тегишли тизимли текшириш бўлиши керак, зарур тузилма керак», деди Рафаэл Гросси.

13 июн куни Исроил Эроннинг ядровий ва мудофаа инфратузилмасига қарши ҳарбий операцияни бошлади. 22 июн куни Қўшма Штатлар Исроил операциясига қўшилди: Америка ҳаво кучлари Фордодаги (Эроннинг асосий ядровий иншооти; уранни бойитиш бўйича иккита ускуна 80-90 м чуқурликда жойлашган), Натанз ва Исфахондаги объектларга зарба берди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастури бутунлай йўқ қилинганини айтди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги фақат «жиддий зарар» ҳақида хабар берди. Америка разведкаси маълумотларига кўра, Эроннинг ядровий дастури бир неча ой орқага сурилган, бироқ йўқ қилинмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид