Ўзбекистон | 14:44 / 14.07.2025
3364
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда учта янги сайёҳлик маркази барпо этилади

Иорданиянинг Ammon News  газетаси сайтида "Сурхондарё янада жозибадор туристик гўшага айланмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: uzbekistan.travel

Мақолада Сурхондарё бой туристик салоҳиятга эга вилоят экани, ҳудуддаги имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида эндиликда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янги туристик марказлар бунёд этилаётгани баён этилган.

"Ўзбекистон президентининг 2024 йил 16 декабрдаги "Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат доирасида Бойсун туманидаги умумий майдони 220,5 гектар бўлган ер участкасида "Омонхона", Сариосиё туманидаги умумий майдони 615 гектар бўлган ер участкасида "Сангардак", Жарқўрғон туманидаги "Оқтепа" сув омборининг қирғоқ бўйи ҳудудидаги 110 гектар ерда "Обиҳаёт" туристик марказлари барпо этиляпти", – деб ёзилган материалда.

Шунингдек, нашрда воҳада бунёд этилаётган учта янги туристик марказ ҳам тоғли ва тоғ олди ҳудудларининг мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши таъкидланган.

"Масалан, тоғлар қўйнида қад ростлаётган "Омонхона" туризм марказида 26 та иншоот бунёд этилаётир. Марказ 11 та меҳмонхона, уй меҳмонхоналари, ресторан, кафе, савдо дўконлари, ошхоналар ва бошқа мажмуаларни ўз ичига олади.  Буларнинг барчаси Жанубдаги воҳанинг бой туристик имкониятидан оқилона фойдаланиш орқали, Ўзбекистоннинг жозибадор сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг тараннум этиш ва одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади", – дея қайд этилган мақолада.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид