Жаҳон | 08:38 / 16.07.2025
3650
3 дақиқада ўқилади

Кая Каллас АҚШдан Украинага ёрдам юкини бўлишишни сўради

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Калласнинг фикрича, Украинага қурол етказиб бериш уларнинг пулини тўлаш демакдир. АҚШ президенти Доналд Трамп бошқача фикрда.

Фото: Necati Savas/Euroopa Komisjon

Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Киев учун Америка қуролларини сотиб олиши мумкинлигини айтганидан кейин Вашингтон Украинага қурол етказиб бериш бўйича «юкни бўлишиши» керак, деб ҳисоблайди. 15 июл, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили: «Биз президент Трампнинг Украинага катта миқдордаги қурол-яроғ етказиб бериш ҳақидаги баёнотини олқишлаймиз, аммо АҚШ юкни бўлишишини хоҳлаймиз», деди. AFP агентлиги хабарига кўра, Каллас: «Агар сиз қурол беришга ваъда берсангизу, лекин улар учун пулни бошқа биров тўлайди, десангиз, аслида сиз уларни таъминламаяпсиз», деди.

14 июл куни Доналд Трамп Россияга Украина билан урушни тугатиш учун 50 кун вақт бераётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар бу амалга ошмаса, Қўшма Штатлар Россиянинг савдо ҳамкорларига нисбатан 100 фоизлик иккиламчи тарифларни жорий қилади. Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари тез орада Европа давлатлари билан биргаликда Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан Patriot қурилмалари ҳамда кўп сонли қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий техника етказиб беришга ваъда берди.

Трамп НАТО бош котиби Марк Рютте билан биргаликда Шимолий Атлантика алянсининг Европа аъзолари АҚШдан миллиардлаб долларлик қурол сотиб олиб, сўнг Украинага етказиб бериш бўйича келишувни ҳам тақдим этди.

Бир қатор Европа давлатлари, хусусан, Германия, Дания, Швеция ва Нидерландия зудлик билан Американинг янги дастурида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Шу тариқа, Германия канцлери Фридрих Мерц Трампнинг Европа давлатлари ҳисобига Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш ғоясини юқори баҳолади. «Президент Трамп бугун муҳим ташаббус билан чиқди: Қўшма Штатлар Украинага, агар буни европалик ҳамкорлар молиялаштирса, катта миқдорда қурол-яроғ беради», — деб ёзган Мерц.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид