Жаҳон | 08:30 / 19.07.2025
1528
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати USAID ва иккита ОАВга давлат харажатларини қисқартиришни маъқуллади

Бюджетдан 9 миллиард доллар тежаш учун Трамп маъмурияти хорижий ёрдам ва жамоат телерадиокомпаниялари учун аллақачон тасдиқланган харажатларни қайтариб олишни таклиф қилди.

Фото: AL DRAGO/Getty Images/AFP

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, АҚШ Сенати президент Доналд Трампнинг аллақачон тасдиқланган бюджет харажатлари — халқаро ёрдам дастурлари ва оммавий эшиттиришларни молиялаштиришдан 9 миллиард доллар қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Трампнинг ташаббуси зарур 51 овоз олди, 48 киши қарши чиқди. Ажратилган 9 миллиард долларнинг қарийб 8 миллиард доллари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг касалликлар, урушлар ва табиий офатлардан кейин хорижий мамлакатларга ёрдам беришга қаратилган дастурлари ҳисобидан қайтарилиши таклиф қилинмоқда. Агентлик ёпилгандан сўнг унинг баъзи функциялари Давлат департаментига ўтказилди.

Шунингдек, у Жамоат телевидениеси корпорацияси NPR ва PBS жамоат телерадиокомпанияларини молиялаштириш учун берган 1,1 миллиард долларни қайтаришни таклиф қилмоқда. Гап компанияларнинг икки йиллик бюджети ҳақида кетмоқда.

Бир неча республикачи сенаторлар глобал соғлиқни сақлаш дастурларини қисқартириш кўламидан норозилигини билдирганидан сўнг, қонун лойиҳасидан собиқ президент Жорж Буш томонидан 2003 йилда бошланган ОИТСга қарши кураш халқаро дастури PEPFAR олиб ташланди. Бу умумий қисқартиришларни 9,4 миллиард доллардан 9 миллиард долларга пасайтирди. Ўзгартириш туфайли қонун лойиҳаси президентга имзолаш учун юборилишидан олдин Вакиллар палатаси томонидан яна овозга қўйилиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид