Жаҳон | 07:53 / 19.07.2025
2462
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Украина яна ҳалок бўлган аскарлар жасадини алмашди

Путиннинг ёрдамчиси Мединскийга кўра, Москва 1000 нафар ҳалок бўлган украиналик аскарнинг жасадини Киевга топширган, 19 нафар рус аскарининг жасадини қабул қилиб олган. Украина яна 1000 қурбоннинг жасади қайтарилганини тасдиқлади.

Фото: Narciso Contreras/Anadolu/picture alliance

Россия президенти ёрдамчиси ва Истанбулдаги музокараларда Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Москва ва Киев ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини алмашганини маълум қилди. Унга кўра, Россия Украинага 1000 нафар украиналик аскарнинг жасадини, Украина эса Россияга ҳалок бўлган 19 нафар рус аскарининг жасадини топширган.

Украина яна 1000 нафар ҳалок бўлган украиналик аскарнинг жасадлари олинганини тасдиқлади. «Россия томонига кўра, жасадлар Украина фуқароларига, хусусан, ҳарбий хизматчиларга тегишли. Ҳуқуқ-тартибот идоралари терговчилари Ички ишлар вазирлигининг эксперт муассасалари билан биргаликда барча зарур экспертизаларни ўтказади ва репатриация қилинган жасадлар шахсини аниқлайди», — дейилади Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб хабарида.

Унда ҳалок бўлган 19 нафар рус аскарининг жасадларини Россияга топшириш ҳақида айтилмаган.

2 июн куни Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Россия ва Украина оғир яраланган аскарлар ва 25 ёшгача бўлган асирларни алмашиш, шунингдек, урушда ҳалок бўлган 6 минг ҳарбий хизматчининг жасадини бир-бирига топширишга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид