Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил парламенти Ўрдун дарёси ғарбий соҳилини аннексия қилишни маъқуллади
Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили Фаластин мухториятининг икки қисмидан биридир.
Кнессет Исроил суверенитетининг Яҳудия, Самария ва Ўрдун дарёси водийсига тарқалиши тўғрисидаги декларацияни маъқуллади. Уни 71 депутат ёқлаб, 13 нафари қарши овоз берди, деб ёзди The Jerusalem Post.
Ҳужжат матнига кўра, Ўрдуннинг ғарбий соҳилидаги бу ҳудудлар «яҳудий халқининг тарихий ватанининг ажралмас қисми» ҳисобланади. Ушбу ерларда Исроил суверенитетининг ўрнатилиши мамлакатга «ўз ватанида яҳудийларнинг ўрнашишини мустаҳкамлаш ва ўз фуқароларини ҳимоя қилиш»га ёрдам беради, деб ёзди газета.
Нашрнинг таъкидлашича, овоз бериш жараёни қонунда ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмаган ва фақат декларатив характерга эга бўлган.
Исроил қонунчилигига кўра, Шарқий Қуддусдан ташқари Ўрдуннинг ғарбий соҳили ҳудуди «вақтинчалик ҳарбий оккупация» остида. Исроил ҳеч қачон Ўрдуннинг ғарбий соҳилини том маънода аннексия этилганини эълон қилмаган. Бироқ, мамлакат 1967 йилда «Олти кунлик» урушда ғалаба қозонганидан бери минтақани ўз аҳолиси билан тўлдиришда давом этмоқда.
Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан тан олинган Фаластин давлатининг икки қисмидан биридир. 1995 йилдан бери ҳудуд қисман Фаластин миллий маъмурияти томонидан назорат қилинади.