Жаҳон | 09:09 / 23.07.2025
5141
2 дақиқада ўқилади

Сурия расмийлари Сувайдадан бадавий оилаларни эвакуация қилишни бошлади

Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига микроавтобуслар жўнатди, бу эса 1500 га яқин бадавийнинг дарзийлар билан тўқнашувлар фонида шаҳарни тарк этишига имкон беради. Дастлабки тинч аҳоли қўшни Дара вилоятига эвакуация қилинган.

Фото: SANA

Сурия ҳукумати Сувайда шаҳри вакиллари билан келишилган ҳолда, 1500 га яқин бадавийлар кетиши учун у ерга пикап ва микроавтобуслар етказмоқда. Бу ҳақда Суриянинг SANA давлат агентлиги хабар берди.

Унда пикап ва микроавтобусларда одамлар эвакуация қилинаётгани тасвирлари чоп этилган. Германиянинг dpa агентлиги маълумотларига кўра, жами 1500 га яқин одам эвакуация қилиниши режалаштирилган. Улардан 350 нафари қўшни Дара вилоятига етказилган.

Сурия ўтиш даври ҳукумати Ички ишлар вазирлиги раҳбари Аҳмад ал-Далатий ҳалокатли тўқнашувлар фонида Сувайдани тарк этишга мажбур бўлган тинч аҳолининг шаҳарга қайтишига рухсат беришни режалаштираётганини айтди. «Биз янги жангларнинг олдини олиш ва ҳудудда муроса ва барқарорликка йўл очишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деди ал-Далатий.

19 июл куни Сурия муваққат президенти Аҳмад ал-Шаъра идораси асосан дарзийлар истиқомат қилувчи Сувайда вилоятида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш» ҳақида эълон қилди. Бироқ, кузатувчиларга кўра, баъзи жанглар давом этган. 20 июл куни дарзийлар Сувайда шаҳрини тўлиқ назорат остига олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид