Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарё вилоятида политехникум ташкил этилади - ҳукумат қарори лойиҳаси
"Қашқадарё вилоятида Кўкдала туман 2-сон политехникумини ташкил этиш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилади:
- Кўкдала туманидаги Кўкдала педагогика коллежи негизида касбий таълимнинг барча даражалари бўйича ўрта бўғин кадрлар тайёрлашга ихтисослашган Кўкдала туман 2-сон политехникумини ташкил этиш;
- собиқ Кўкдала педагогика коллежи ҳудудида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳамда унга туташ бўлган 0,5 га ер майдони Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида қолдириш.
Белгилаб қўйилишича:
а) техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги давлат касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
б) 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб техникумга умумий ўрта таълим ташкилотининг 9- ва 11-синф битирувчилари белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинади ва ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида кундузги, кечки ва дуал таълим шаклида амалга оширилади.
в) техникумни сақлаш харажатларига 2025 йилда талаб этиладиган маблағлар Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган маблағлар доирасида, 2026 йилдан бошлаб эса давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Техникумнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
- иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин кадрларига талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш;
- ўрта бўғин кадрлар тайёрлашда ички ва ташқи меҳнат бозорида таклифларни ўрганиш ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш;
- таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
- кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳа корхоналаридан амалиётчилар, олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
- халқаро таълим дастурларини жорий қилиш орқали ташқи меҳнат бозори эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
- меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини қисқа муддатли касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиш, бунда қисқа муддатли ўқув курсларини иш берувчилар талабига мувофиқ ташкил этиш;
- ёшларни танлаган касб ёки мутахассислик бўйича бир ёки бир неча квалификацияларни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ошириш;
- кадрларни тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият ва замонавий инновацион техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
- ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;
- тегишли касбий таълим даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни жалб этиб бориш;
- нуфузли хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
- малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ҳамда иш берувчилар буюртмаси асосида мутахассисларни тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
- ўқувчиларнинг эгаллаган касб ва мутахассислик бўйича халқаро тан олинган касбий сертификатларини олишларига шарт-шароитлар яратиш.