Жаҳон | 13:21 / 29.07.2025
1694
2 дақиқада ўқилади

Мерц: АҚШ ва ЕИ келишувининг оқибатлари Германияга таъсир қилади

Германия канцлери Фридрих Мерц Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви муносабати билан Германия иқтисодиёти учун жиддий салбий оқибатлар ҳақида огоҳлантирди.

Фото: consilium.europa.eu

Германия канцлери Фридрих Мерц Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви муносабати билан Германия иқтисодиёти учун жиддий салбий оқибатлар бўлишидан огоҳлантирди, у Европа Иттифоқидан келадиган товарларга 15 фоизлик божлар жорий этишни назарда тутади. Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари 28 июл, душанба куни Берлинда тегишли баёнот билан чиқди.

«Ушбу тарифларнинг жорий этилиши натижасида Германия иқтисодиёти катта зарар кўради», деб таъкидлади Мерц.

Бунинг оқибатлари нафақат Германия ва Европага таъсир қилади. Бу нафақат инфляция даражасининг ўсишидан, балки тарифлар «бутун трансатлантик савдога таъсир қилишидан» қўрқиш керак, дея огоҳлантирди Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари. Унинг фикрича, божлар АҚШнинг ўзида инфляцияни янада тезлаштиради.

Мерцнинг сўзларига кўра, у 27 июл куни Шотландияда эришилган натижадан қониқмаяпти, деб хабар берди Reuters. Бироқ, Брюсселнинг музокаралардаги қийин бошланғич позицияси ҳисобга олинса, кўпроқ нарсага эришиб бўлмаслиги аниқ, дея қўшимча қилди канцлер.

«Биз бу натижадан қониқиш ҳосил қила олмаймиз, бироқ бу вазиятда эришилиши мумкин бўлган энг яхши натижа бўлди», — дея сиёсатчининг сўзларини келтиради AFP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид