Жаҳон | 20:24 / 29.07.2025
2325
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларга таксида ишлашни тақиқлаш таклиф этилди

Бундай чора россияликлар хавфсизлигини ошириши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: РИА Новости

Россия бўйлаб мигрантларнинг таксида ишлашини тақиқлаш керак. Бу ҳақда Давлат думасининг минтақавий сиёсат ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Матвеев айтди.

Унинг сўзларига кўра, Санкт-Петербургда жамоат транспорти соҳасида мигрантлар ишини чеклаш бўйича жорий этилган чора фуқаролар хавфсизлигини ошириши мумкин. Унинг таъкидлашича, худди шундай чекловлар Самара вилоятида ҳам жорий этилган.

«Бу тўғри, чунки умуман олганда, жамоат транспорти, жумладан, такси ишига жуда масъулият билан ёндашиш керак. Бундай тақиқни Россиянинг [бутун] ҳудудига тарқатиш зарурати бор», деди Матвеев.

Депутатнинг таъкидлашича, тақиқ Россия паспортини олган мигрантларга, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон фуқароларига тааллуқли бўлмайди. Унинг таъкидлашича, бундай чоралар жорий этилганда иш ўринлари Россия фуқаролари фойдасига қайта тақсимланиши мумкин. Матвеевнинг тушунтиришича, бундай чекловлар фақат Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўлланилади.

28 июл куни Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов чет эл фуқароларига 2025 йил охиригача шаҳарда таксида ишлашни тақиқловчи қарорни имзолаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид