Жаҳон | 08:47 / 30.07.2025
2911
2 дақиқада ўқилади

«Нафтогаз Украины»: Киев биринчи марта Озарбойжондан газ олади

Киев илк бор Озарбойжондан Трансболқон йўлаги орқали газ импорт қилмоқда, деди «Нафтогаз Украины» бошқаруви раиси.

Фото: Getty images

Украина биринчи марта Болгария ва Руминия орқали Трансболқон коридори орқали Озарбойжондан газ импорт қилмоқда. Бу ҳақда «Нафтогаз Украины» бошқаруви раиси Сергей Корецкий Facebookʼда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, газни сотиб олиш бўйича биринчи келишув Озарбойжоннинг SOCAR гуруҳи давлат компанияси – SOCAR Energy Ukraine билан тузилган.

Ҳозирча гап кичик ҳажмдаги синов харидлари ҳақида кетяпти. Шунга қарамай, Корецкий «узоқ муддатли ҳамкорликка йўл очадиган стратегик муҳим қадам қўйилганини» таъкидлади. Ушбу чора таъминот манбаларини диверсификация қилиш ва Украинанинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

«Нафтогаз Украины» бошқаруви раҳбари келишувга президент Володимир Зеленский, вазирлар маҳкамаси ва Энергетика вазирлиги ҳисса қўшганини қайд этди. Озарбойжон томони билан ўзаро ҳамкорлик жорий қиш мавсуми олдидан муҳим, дея қўшимча қилди Корецкий.

«Нафтогаз Украины» компанияси аввалроқ 2024-25 йилги иситиш мавсуми Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери энг қийин бўлганини маълум қилган эди. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида Россия Федерацияси компания объектларига саккиз маротабадан ортиқ ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди, бу 100 дан ортиқ зарбани ташкил этди, дея қўшимча қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид