Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киевда яна акция: талаблар ўзгармади, янги шиорлар
Киевда НАБУ ва САП коррупцияга қарши кураш идоралари мустақиллигини тиклаш ҳамда Иқтисодий хавфсизлик бюроси раҳбарини тайинлаш талаблари билан бир ярим мингдан ортиқ одам намойишга чиқди. Ёмон об-ҳаво намойишни тўхтата олмади.
Кучли ёмғирга қарамай, 30 июл, чоршанба куни Киевда бир ярим мингдан ортиқ одам коррупцияга қарши кураш органларининг мустақиллигидан маҳрум этилишига қарши навбатдаги норозилик намойишига чиқди. Акция Олий радада Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (НАБУ) ва Антикоррупция махсус прокуратураси (САП) ваколатлари тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш арафасида бўлиб ўтди. Яна бир талаб ҳукуматни Иқтисодий хавфсизлик бюроси (БЭБ) раҳбари учун танлов ғолибини тасдиқлашга мажбурлаш эди.
Акция бошланишидан аввал Франко майдонидаги боғга йиғилганлар ёмғирдан ҳимояланиш учун картонга шиорлар чизиб, уни плёнка билан ўраб олди. Ташкилотчилар ҳафсаласи пир бўлганини яширмади — ахир, митингларнинг биринчи кунларида улар ўн мингга яқин кишиларни тўплашга муваффақ бўлганди. «Катта» деб эълон қилинган жорий акция иштирокчиларни анча кам тўплади. Ноқулай об-ҳавога қарамай, намойишчилар аввалги намойишларда янграган «Коррупция ўлдиради!», «НАБУ ва САП учун мустақиллик!», «БЭБ раҳбарини тайинланг!», «Депутатлар – ишга!» шиорларини тинимсиз айтди.
Намойишчилар депутатларни, уларнинг фикрича, коррупцияни қўллаб-қувватлашда айблади. Намойишчилар Украина давлат байроғи ҳамда Россия агрессиясини қайтариш тимсолларидан бирига айланган қизил ва қора байроқларни кўтариб, Россия раҳбариятига нисбатан турли сўзларни айтди. Шунингдек, «Украинага шон-шарафлар – қаҳрамонларга шон-шарафлар!», «Халқа шон-шарафлар – душманларга ўлим», «Украина – ҳамма нарсадан устун!» деган ватанпарварлик шиорлари янгради. Вақти-вақти билан Украина мадҳияси ҳам эшитилди ва порахўр амалдорлар томонидан ўғирланган маблағларни Украина Қуролли кучлари эҳтиёжларига йўналтириш талаблари қўйилди. Намойишчилар тиз чўкиб, Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган украиналик аскарлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлади.
Майдонда янги ва эски шиорлар янгради. Ўзини Елена деб таништирган ўрта ёшли аёл «Мудофаа саноатида ўғирлик» деган картон ёзув билан турган. У DW нашрига коррупционер амалдорлар истеҳкомлар қуриш, қурол ишлаб чиқариш ва товарларни сотиб олиш учун ишлатилиши керак бўлган маблағларни ўғирлаётганини айтди. «Фронт бундан маҳрум ва бу бизнинг аскарларимизни ўлдирмоқда. Айримлар бойиб кетмоқда, бошқалари эса оддийгина ўлиб, қўлида бўлиши мумкин бўлган қурол-яроғларини ололмай ҳалок бўлмоқда. Шунинг учун бизга коррупцияга қарши инфратузилма жуда керак», деб таъкидлади намойишчи.





Мавзуга оид
09:00
Россиянинг оммавий ҳужуми: Киевда 4, Харкивда 5 киши ҳалок бўлди
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
15:47 / 13.06.2026
Порахўрлик жинояти иштирокчилари муддатидан илгари озод қилинмайди
10:02 / 13.06.2026