Жаҳон | 21:32 / 04.08.2025
2879
3 дақиқада ўқилади

Бангладешда собиқ бош вазир Шайх Ҳасина устидан сиртдан суд бошланди

У инсониятга қарши жиноятлар, жумладан, қотиллик, қийноқлар ва зўравонликда айбланмоқда.

Фото: Getty images

Бангладешда 2024 йил ёзида норозилик намойишларидан кейин мамлакатни тарк этган собиқ бош вазир Шайх Ҳасина устидан сиртдан суд бошланди. У инсониятга қарши жиноятлар, жумладан, қотиллик, қийноқлар ва зўравонликда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июл ойида норозилик намойишларини бостириш пайтида камида 1400 киши ҳалок бўлган.

Намойишлар Бангладешни 15 йил бошқарган Ҳасинанинг авторитар бошқаруви фонида бошланди. Оммавий намойишларни бостириш учун унинг буйруғи билан қуролли полиция кўчаларга чиқиб, одамларни ўққа тутди. Оқибатда норозилик намойишлари қўзғолонга айланди.

2024 йил 5 августда армия куч ишлатишдан бош тортгач, Ҳасина ўз қароргоҳидан вертолётда эвакуация қилинди. Шундан бери у Ҳиндистонда бўлиб турибди ва жараёнда иштирок этишдан бош тортмоқда. Уни давлат адвокати ҳимоя қилади, суд эса у таъсис этган Ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро трибуналда ўтади.

Айблов ҳужжатига кўра, Ҳасина тинч аҳолининг ўлими учун шахсан жавобгар. Асосий гувоҳлардан бири - Чоудҳури полициясининг собиқ бошлиғи Абдуллоҳ ал-Маъмун аллақачон айбини тан олган ва унга қарши кўрсатма беришга рози бўлган. Трибунал бош прокурори иш бўйича далилларга эга эканини айтди.

Ҳасина тарафдорлари судни сиёсий деб атамоқда ва муваққат ҳукуматни қасос олишга уринишда айбламоқда. Собиқ вазир Муҳаммад Арафатнинг айтишича, иш «қонуний ҳокимиятни жиноийлаштиришга» қаратилган. Ҳасина очиқ хатида норозилик намойишларини «демократиянинг зўравонлик билан бузилиши» деб атади ва «босиб олинган институтларни қайтаришга» ваъда берди.

У қочиб кетгач, Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус бошчилигидаги муваққат ҳукумат ҳокимият тепасига келди. У ислоҳотлар ва сайловларни ваъда қилди, аммо бир йил ичида ҳуқуқ-тартиботни тиклай олмади. Ҳасинанинг «Авами Лиг» партияси 2025 йилги сайловдан четлатилди. Бу қарор, айниқса, исломий мухолифатнинг машҳурлиги ортиб бораётган бир пайтда нодемократик деб танқид қилинмоқда.

Жараённи имкон қадар очиқ қилишга ваъда беришмоқда - ҳимояланган гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ташқари, мажлислар жонли эфирда намойиш этилади. Ҳасина ҳукмронлиги давридаги бошқа жиноятлар бўйича тергов давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид