Жаҳон | 21:22 / 08.08.2025
7324
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко навбатдаги президентлик сайловида қатнашмаслигини айтди

Шунингдек, ўғли Николай ҳам президент бўлмаслигини маълум қилди.

Фото: Getty images

Беларус президенти Александр Лукашенко янги президентлик муддатига номзодини қўйишни режалаштирмаётганини маълум қилди.

«Йўқ, мен ҳозир режалаштирмаяпман, режалаштирмаяпман», деди у Американинг Time журналига берган интервюсида.

У ўзини 80 ёшга яқинлашаётган Трамп билан таққослади ва ундан ёшроқ, шунингдек, яхши жисмоний ҳолатда эканини таъкидлади.

Лукашенко Ғарб матбуотида ўғли Николай Беларус президенти бўлиши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларга ҳам изоҳ берди.

«Йўқ, у ворис эмас. Нимани сўрамоқчи бўлганингни билардим. Йўқ, йўқ, йўқ. Мана ўзидан сўра - бу билан уни қаттиқ хафа қилишинг мумкин», деди Беларус раҳбари.

Лукашенконинг таъкидлашича, унинг ўғли Николай ўзининг сиёсатини қўллаб-қувватласа-да, «ҳамма нарсани тушунади ва англайди», бироқ «маълум даражада ўзига мухолифатчи» ҳисобланади.

Беларус президенти кейинги давлат раҳбари бошқача сиёсат олиб борадиган одам бўлишини истисно қилмади.

«Фақат бирданига ҳеч нарсани бузиб қўймасин, мен қилганимдек, кучлиларнинг елкасига таяниб, бор нарсага таяниб, мамлакатни хотиржам эволюцион ривожлантирсин. Токи инқилобий ўзгариш бўлмасин», деди у.

Лукашенко 1994 йилдан буён Беларус президенти ҳисобланади. 2025 йил март ойида у еттинчи марта давлат раҳбари лавозимига киришди. Беларусда президентлик муддати 5 йил.

Лукашенконинг уч нафар ўғли бор. Николай – уларнинг кичиги, 2004 йилда туғилган. Катталари - Виктор ва Дмитрий - мос равишда 1975 ва 1980 йилда туғилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид