Жаҳон | 20:36 / 09.08.2025
8998
2 дақиқада ўқилади

Эрон Зангезур йўлагини АҚШ назоратига ўтказмасликка ваъда берди

Озарбойжонни Нохичеван мухторияти билан боғлайдиган, аммо Арманистоннинг Эрон билан чегараси яқинидан ўтадиган Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига берилишига Теҳрон кескин қарши чиқди.

Фото: REUTERS

Эрон Кавказ минтақасида Америка йўлаги яратилишига йўл қўймайди, деди Эрон олий раҳбари маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий Tasnim агентлигига берган интервюсида. Унинг сўзларидан Interfax иқтибос келтирди.

«Бундай йўлак АҚШ президенти Доналд Трампнинг ёлланма аскарлари учун майдончага айланади, аммо Америка президентига тегишли бўлмайди», деди у.

Унинг эслатишича, Эрон ҳар доим Зангезур йўлагини яратишга қарши бўлган, чунки бу «минтақа геосиёсатида қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради, чегараларни кесиб ўтишга хизмат қилади ва Арманистоннинг парчаланишига олиб келади».

АҚШ президенти Доналд Трамп 8 август куни Ереван ва Боку тинчлик келишувига эришишга тўсқинлик қилган муаммони - ушбу транспорт йўлагидан фойдаланиш масаласини ҳал этишга муваффақ бўлганини айтди. У Трамп номи билан аталадиган бўлди.

«Биз аввалги музокараларни бузган асосий масалани ҳал қилдик. Бу декларацияда мустаҳкамланди. [Йўлак номи] мен учун катта шараф - «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли», аммо мен буни сўраганим йўқ», деди Трамп.

Америка етакчисининг тушунтиришича, «бу махсус транзит зонаси» бўлиб, Озарбойжонга Арманистон суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда Нохичеван ҳудудига ўтиш имконини беради.

«Арманистон ҳам ушбу йўлакни ривожлантириш учун Қўшма Штатлар билан эксклюзив ҳамкорликни йўлга қўймоқда», деди Трамп.

Аввалроқ, Reuters Вашингтон Жанубий Кавказдаги энг муҳим транспорт йўлаги Зангезурни назоратга олиши, бу Боку ва Ереван ўртасида кутилаётган тинчлик келишувининг бир қисми бўлиши ҳақида хабар берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид