Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил мухолифати Ғазони эгаллаб олиш режасини «фалокат» деб атади
Ғазо секторининг энг йирик шаҳри устидан назоратни ўз қўлига олиш қарори гаровга олинганлар ва кўп сонли аскарларнинг ўлимига олиб келади, деди Исроил мухолифати етакчиси Лапид. У Нетаняҳуни ўта ўнг лагерга ён босганликда айблади.
Исроил мухолифати ҳукуматнинг Ғазо шаҳри устидан назоратни ўз ичига олган Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати устидан ғалаба қозониш режасини кескин танқид қилди. Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид 8 август, жума куни хавфсизлик кабинетининг Ғазони эгаллаш ҳақидаги қарорини «кўплаб бошқа оқибатларга олиб келувчи фалокат» деб атади.
Ҳукуматнинг қирғоқ бўйидаги энг йирик шаҳарни эгаллаши режалаштирилаётгани исроиллик гаровга олинганлар ва кўп сонли исроиллик аскарларнинг ўлимига сабаб бўлади, деб ёзади X ижтимоий тармоғида Лапид. У бош вазир Бинямин Нетаняҳуни армиянинг эътирозларига қарамай, ўта ўнг лагердаги ҳамкорлари Итамар Бен-Гвир ва Бецалел Смотрич босимига ён босганликда айблади. Исроил ҳукуматидаги ҳар икки ўта ўнг позициядаги вазир бутун Ғазо секторини назорат остига олишни ва у ерда яшовчи 2 миллион фаластинликни чиқариб юборишни талаб қилмоқда.
Шу куни эрталаб Исроил хавфсизлик маҳкамаси Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини «мағлубиятга учратиш» ва Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини маъқуллади. Бу қарор Исроил юқори мартабали амалдорларининг тунги учрашувидан сўнг – урушни тўхтатиш бўйича халқаро чақириқлар кучайиб бораётганига ва кўплаб исроилликларнинг ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар тақдиридан қўрқиб норозилик билдиришига қарамай қабул қилинди.
Нетаняҳу аввалроқ Американинг Fox News телеканалига берган интервюсида баъзи режалари ҳақида гапириб, Исроил бутун Ғазо секторини назорат қилишни режалаштираётганини айтган эди. Исроил армияси аллақачон эксклавнинг тўртдан уч қисмини назорат қилмоқда.
Мавзуга оид
11:00
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
09:13 / 09.06.2026
«Биби, эҳтиёт бўл, акс ҳолда мутлақо ёлғиз қоласан» – Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
11:00 / 08.06.2026
Исроилда хавфсизлик вазияти кескинлашиши мумкин — элчихона
09:30 / 08.06.2026