Жаҳон | 12:26 / 09.08.2025
1901
2 дақиқада ўқилади

Россияда ОИВ-беморлар текширув бўйича рад жавобларидан шикоят қилди

Йил бошидан бери Россиянинг камида 16 минтақасида ОИВ билан касалланганлар диагностика рад этилишидан шикоят қилди. Эҳтимолий сабаблар орасида молиялаштириш етишмаслиги туфайли тестлар камайгани бор. Баъзи ҳудудларда муаммо тан олинди.

Фото: Донат Сорокин / ТАСС

2025 йил бошидан буён Россиянинг камида 16 та ҳудудида ОИВга чалинган россияликлар вирусли юк ва иммунитет ҳолати тестларини ўтишда рад жавобига дуч келди, деб хабар бермоқда «Ведомости» газетаси «Пациентский контроль» жамоат ҳаракатига таяниб. Тавсияларга кўра, ОИВ билан касалланган одамлар ҳар олти ойда бир марта, терапиянинг бошида эса ҳар 1-3 ойда бир марта ушбу текширувдан ўтиши керак.

Ҳаракат вакилининг сўзларига кўра, йил бошидан буён диагностикадаги қийинчиликлар юзасидан 40 та мурожаат келиб тушган. Муаммоли ҳудудларга Самара, Тюмен, Калуга, Оренбург, Ростов, Ленинград ва Амур вилоятлари, шунингдек, Доғистон, Удмуртия ва Бошқирдистон киради. Маҳаллий ОИТС маркази ходими ҳам аноним тарзда Перм ўлкасида вирус юкини текшириш тизимларининг етишмаслиги ҳақида гапирди, дея таъкидлайди газета.

2023 йилда Россиядаги барча муҳтожлар учун вирусли юк ва иммунитет ҳолати бўйича тест тизимларини сотиб олишга 4,07 миллиард рубл талаб қилинган, бироқ ҳақиқий харажатлар 2,88 миллиард рублни (талаб қилинган миқдорнинг 70,8 фоизини) ташкил этди, дея таъкидлайди «Ведомости» "Здравресурс" эксперт гуруҳи ҳисоботига таяниб. Шу билан бирга, агар тест синовлари, шунингдек, янги беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун билвосита харажатлар ҳисобга олинса, бу миқдор «сезиларли даражада юқори» бўлади, дейилади ҳисоботда.

«2022 йилдан бери субсидия миқдори (диагностика учун федерал бюджетдан минтақага) 35 фоизга камайди, диспансерда рўйхатга олинганлар сони эса 12,7 фоизга ошди», деб ёзади Ленинград вилоятидаги ОИТСга қарши кураш марказининг бош шифокори Алексей Ковеленов «Пациентский контроль» сўровига жавобан. Унинг сўзларига кўра, бу тест тизимларининг етишмаслиги ва текширувлар сонининг қисқаришига олиб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид