Жаҳон | 12:18 / 12.08.2025
2880
2 дақиқада ўқилади

Россияга ён бериш йўқ – ЕИ санкцияларнинг навбатдаги пакети устида ишлайди

Европа Иттифоқи Россиядан ўт очишни тўлиқ ва сўзсиз тўхтатишни талаб қилди.

Фото: REUTERS/Yves Herman

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакети устида ишлайди. Бу ҳақда 11 август куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Кая Каллас маълум қилди, деб ёзди Reuters.

Шу билан бирга, у Россия ўт очишни тўлиқ тўхтатишга рози бўлмагунча Москвага ён бермасликдан огоҳлантирди.

«Россия ўт очишни тўлиқ ва сўзсиз тўхтатишга рози бўлмагунча, биз ҳеч қандай ён беришларни муҳокама қилмаслигимиз керак. Қадамлар кетма-кетлиги муҳим. Биринчиси - ишончли мониторинг тизими ва қатъий хавфсизлик кафолатлари билан ўт очишни сўзсиз тўхтатиш ва биз 19-санкциялар пакети устида ишлаймиз», деди Каллас.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Украинага бостириб киришни қоралаш мақсадида Россия ва унинг нефтига қарши 18-санкциялар пакетини қабул қилди. Чоралар Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводига қарши санкцияларни ўз ичига олди, унда «Роснефт» 49,13 фоиз акцияларга эгалик қилади. ЕИ Россия нефтининг Ҳиндистонга экспорти билан қўллаб-қувватланадиган Кремлнинг энергия даромадларини камайтиришга интилмоқда.

Бундан ташқари, Брюссел Эрон нефть трейдери Ҳусайн Шамхоний ва унинг бир қанча компанияларига нисбатан санкциялар жорий қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид