Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Аср савдоси”. Россия Аляскани нега сотиб юборганди?
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасидаги тарихий дея баҳоланаётган учрашув 15 август куни Аляска штатида бўлиб ўтиши режалаштириляпти. Трамп “жуда машҳур жой” дея таърифлаган ушбу ҳудуд узоқ йиллар давомида Россия империясининг таркибида бўлган. Нега олтин ва нефт каби фойдали қазилмаларнинг жуда катта захираларига эга улкан ерлар америкалаикларга бериб юборилганди?
Алясканинг кашф этилиши
Аляска 1732 йилда Михаил Гвоздев ва Иван Фёдоровлар бошлиқ рус экспедицияси томонидан кашф этилган ва Россия империяси мулки деб эълон қилинади. Вақт ўтган сари руслар қитъа ичкарисига кириб боришни бошлашади ва 1,5 млн квадрат километрдан ортиқ ҳудудни ўз назоратларига олишга муваффақ бўлади. Узоқ йиллар бу ўлканинг империя учун бирор-бир нафи тегмаган, стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд сифатида ҳам қаралмайди.
1799 йилга келибгина Россия-Америка компанияси (РАК) ташкил этилади ва Аляска шу тузилма ёрдамида бошқарилган. РАК ўз ишларини мустақил ташкил этса ҳам тўғридан тўғри Россия ҳукуматига бўйсунарди.
Секинлик билан бўлса-да янги ҳудудларни ўзлаштириш, қалъалар, аҳоли пунктлари ва омборхоналар қуриш бошланади. ХIХ асрнинг бошларига келиб аляскаликлар мўйна савдосидан яхшигина даромад кўра бошлайди. Аср ўртасига келиб аҳоли сони 40 минг кишига яқинлашиб қолади.
Аляска нега сотилган?
Аляскани сотиш масаласини илк бор 1853 йилда Шарқий Сибир генерал губернатори Николай Муравёв-Амурский кун тартибига олиб чиқади. У томонидан император Николай I’га юборилган мактубда Россия Америкадаги мулкларидан воз кечиши кераклиги, рус империяси бу ҳудудларни кучайиб бораётган АҚШ тажовузидан ҳимоя қилиш учун ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятга эга эмаслиги қайд этилади.
Бундан ташқари, 1853 йилда Яқин Шарқда ҳукмронлик қилиш учун Россия ва Туркия ўртасида Қрим уруши бошланади. Натижада давлат бюджетида катта танқислик юзага келиб, молиявий муаммолар бошланади. Империянинг ўз ҳудудларини ҳимоя қила олиш масаласи ҳам баҳсли омил ҳисоблана бошлайди.
Бу даврда Британия шиддат билан ўз таъсир доирасини кенгайтиришда давом этаётганди ва Аляскада икки давлат ўртасида тўқнашув юз бериши эҳтимоли ошиб кетади. Бундай шароитда руслар Аляскани Британиянинг асосий душмани бўлган АҚШга сотишни режа қилади ва шу орқали Қўшма Штатлар билан яхши алоқалар ўрнатишга умид боғлайди.
Шимолий Америкадаги ҳудудларни сотиш ҳақидаги илк расмий таклиф 1857 йил баҳорда Россиянинг АҚШдаги элчиси Эдуард Стекл томонидан билдирилади. Император Александр II’нинг укаси, денгиз флоти бош қўмондони Александр Константин Николаевич бу ғояни қўллаб-қувватлайди ва Ташқи ишлар вазири Александр Горчаковга ёзган мактубида паст даромадли ҳудудни сақлаб туришдан ҳеч қандай маъно кўрмаётганини айтади. Шу тариқа Аляскани сотиш масаласи элитар даражада муҳокама қилина бошланади.
Император Александр II ҳам укасининг фикрига мойиллик билдиради. Эдуард Стеклга америкаликларнинг бу борадаги позициясини билиш вазифаси топширилади.
Вашингтондагилар бу масалани муҳокама қилишга рози бўлишади. Бироқ Россия томони савдоларни 1862 йилгача тўхтатиб туришга қарор қилади. Ундан кейин АҚШда фуқаролар уруши бошланади ва Аляскани сотиб олиш масаласи бир муддат ўз аҳамиятини йўқотади.
Аср савдоси
1866 йилнинг декабрида император Александр II раҳбарлигида ташкил этилган йиғилишда Алясканинг АҚШга сотилиши узил-кесил тасдиқланади. Аммо бу қарор жамоатчиликка ошкор этилмайди ва қаттиқ сир сақланади.
Фото: Britannica
Якуний шартнома 1867 йилнинг 30 март куни Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Уилям Сюард ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Эдуард Стекл иштирокида имзоланади. Унга кўра АҚШ ҳукумати 1 миллион 519 минг квадрат километр ҳудуд учун ўн ой ичида 7 миллион 200 минг доллар тўлаши керак бўлади. Бу ҳозирги нархда тахминан 153,5 миллион долларга тўғри келади.
Битим инглиз ва француз тилларида тузилади. АҚШ Аляскадан ташқари Британия Колумбиясининг ғарбий қирғоқларини ва Тинч океанидаги кўплаб ороллар ва архипелагларни олади. Шартнома 1867 йил 3 майда АҚШ Сенати томонидан ратификация қилинади. 15 майда Петербургда император Александр II ҳам битимни имзолайди. Шу йилнинг 18 октябрь куни Аляскани америкаликларга топшириш маросими ўтказилади.
Дастлаб Америка томонидагиларнинг бир қисми мазкур сотувни ижобий қабул қилишмайди. Битимни “Сюард аҳмоқлиги”, дея таърифлай бошлашади. Газеталарда “бир уюм муз учун миллионлаб доллар тўлаш, пулни ҳавога совуриш билан тенг” деган мазмунда мақолалар эълон қилинади. Чунки ўша пайтда АҚШ фуқаролар урушидан чиқиб, иқтисодий тикланиш даврида эди. Россия зиёлилари эса ўз ҳукуматини қимматли ерни “сувтекинга сотиб юбораётганликда” айблаб чиқишади.
Алясканинг иқтисодий ва геосиёсий аҳамияти
Кўп ўтмай Аляскадан нефть, олтин ва бошқа фойдали қазилмаларнинг жуда катта захиралари аниқланади. Хусусан, 1896 йилда машҳур Клондайк олтин кони топилади. Бу эса аҳоли пунктларининг барпо этилишига ва инфратузилманинг ривожланишига катта ёрдам беради.
ХХ асрнинг 60 йилларидан бошлаб ушбу ҳудудда йирик нефт ва газ конлари ҳам аниқлана бошланади. Ушбу конлардан 2000 йилларнинг бошигача 200 млрд долларга яқин даромад олингани ҳисоботларда қайд этилган. Бундан ташқари, балиқчилик ҳам жуда ривожланиб кетади. 1988 йилда Аляска балиқчилик саноати йилига 1 млрд доллардан ортиқ даромад қилган. Газеталарда балиқчиликнинг ўзидан 1 кунда Аляска сотиб олинганидан кўра кўпроқ даромад олинаётгани ҳақида образли мақолалар ҳам эълон қилинади.
Бундан ташқари, Аляска АҚШ учун Арктика минтақасига чиқиш эшиги бўлиб хизмат қилади. Ушбу ҳудудда бир нечта муҳим ҳарбий базалар жойлашган ва радар тизимлари ўрнатилган. Унинг жойлашуви АҚШнинг қитъалар ўртасидаги алоқалари ва муҳофазаси учун жуда муҳим аҳамиятли ҳисобланади.
Бугун Аляска АҚШда олтин ва нефть қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда туради. АҚШда қазиб олинаётган нефтнинг 20 фоизи Аляска ҳиссасига тўғри келади. 1959 йилга келиб 49-штат сифатида АҚШ таркибига киритилган. Ҳудуд аҳолиси айни пайтда 740 минг кишини ташкил қилади.