Жаҳон | 14:50 / 14.08.2025
3444
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон таҳдиди туфайли Покистон ракета қўшинларини ташкил этади

Қўшинлар замонавий техникалар билан жиҳозланиши, ракеталар Ҳиндистонга қаратилиши таъкидланмоқда.

Фото: EPA

Покистон мамлакат қуролли кучлари таркибида ракета қўшинларини ташкил этиш ниятида, деб маълум қилди бош вазир Шаҳбоз Шариф. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Бош вазир буни Исломободда, май ойида Ҳиндистон билан бўлган можаро хотирасига бағишланган маросимда маълум қилди. Маросим Покистон Мустақиллиги куни - 14 август арафасида бўлиб ўтди.

«Улар [ракета қўшинлари] замонавий техника билан жиҳозланади», деди Шариф ва бу кучлар Покистон армиясининг жанговар қобилиятини мустаҳкамлашда янги босқич бўлишини қўшимча қилди.

Хавфсизлик хизматининг юқори мартабали вакили бу кучларнинг ўз қўмондонлиги бўлишини айтди. «Шубҳасиз, улар [ракеталар] Ҳиндистонга қаратилади», деб таъкидлади у.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 2 август куни Покистоннинг келажакдаги ҳар қандай ҳужуми Ҳиндистон қурол тизимларидан фойдаланган ҳолда «қатъий жавоб» билан қарши олинишини айтди. «Покистондаги одамларга кечаси ухлашга имкон бермаслик учун BrahMos номини тилга олишнинг ўзи кифоя», деди Моди.

Товушдан тез учадиган BrahMos қанотли ракеталари Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти ва Россия машинасозлик илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг қўшма корхонаси бўлган BrahMos Aerospace томонидан ишлаб чиқилган. Ракета қуруқлик, денгиз ва ҳаво вариантларида мавжуд.

2025 йил апрель ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик «Қаршилик фронти» жангарилари Кашмирда ҳинд сайёҳларига ҳужум қилиб, 26 кишининг ўлимига сабаб бўлганидан сўнг ошди. Ҳиндистон бунга жавобан 1960 йилдаги асосий сув шартномасини тўхтатди ва қуруқликдаги ягона чегара пунктини ёпди.

6 май куни Ҳиндистон «Синдур» операциясини бошлаб, Панжоб ва Покистоннинг Кашмир қисмига ракета зарбалари берди. Покистон бунга жавобан 10 май куни Ҳиндистон базалари, аэродромлари ва ракета омборларни ўққа тутди. Можаро, турли маълумотларга кўра, 125 тагача қирувчи самолёт иштирок этган кенг кўламли ҳаво жанги билан якунланди.

10 май куни томонлар АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. 88 соат давом этган можаро якунларига кўра, Ҳиндистон 100 дан ортиқ жангари йўқ қилингани, беш нафар ҳарбий ва 16 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди. Покистон 13 нафар ҳарбий ва 40 нафар тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар ўлганини, шунингдек, 78 нафар ярадор ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини тан олди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид