Ўзбекистон | 15:50 / 14.08.2025
7100
4 дақиқада ўқилади

Конституция ҳам ҳимоя қилолмаган ўқитувчилар – мажбурий меҳнат қачон тугайди?

Kun.uz’га сўнгги кунларда ўқитувчиларнинг тинимсиз мажбурий меҳнатга зўрланаётганини исботловчи ўнлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Деярли барча вилоятларда янги ўқув йили бошланишидан аввал устозлар ҳокимиятларнинг текин мардикорига айланган. Ҳаттоки, улар балчиқ тозалаш, цементлаш ва бўёқ қилишга мажбурланмоқда. Kun.uz билан суҳбатда айтилишича, ўқитувчининг обрўйи ошмас экан, таълим тизими ботқоқликка ботганча қолаверади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Келиб тушган мурожаатларда кўринишича, ўқитувчи ва устозлар ростдан ҳам олий маълумотли мардикорга айланиб қолган. Ёши катта аёллар кўча супуриб, боғга гул ўтқазяпти. Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги мактабда эса эркаклар ҳовлини цемент қилмоқда. Ишга янги келганлар балчиқ тозалаш, тикан чопишга йўналтирилган. Таҳририят қўлидаги мактаб директорларининг аудиоларида айтилишича, “топшириқ тепадан келган ва 20-санага қадар бирорта ҳам иш қолмаслиги керак”.

Директорлар устозлардан “сан-манга бормасликни, ишларни бўлаклаб, билиб-билиб қилишни” сўраган. Kun.uz вазиятнинг реаллигини баҳолаш учун суҳбатга ўқитувчиларни таклиф қиларкан, улар ўз иш жойини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, қатнашишни рад этди. Ўқитувчилар билан тинимсиз суҳбатда бўлган маҳалла ва хотин-қизлар фаоли Умида Якубовага кўра, айни пайтда ҳамма ўқитувчилар асабий ва таътили пайтида ҳам ишга чақирилганидан норози.

“Ўқувчиларимиз таътилда юрибди ва дам олишяпти, биз бўлсак, мактаб таъмири, синф хоналарининг аҳволи билан оворамиз, дейишди. Қайси мактабга борсанг, шу аҳвол. Ўқитувчиларнинг менга айтишича, ҳозир деярли барча мактабларда устозлар меҳнатга жалб қилинган, бостириб борсангиз кўрасиз, улар иш билан банд”, дейди Умида Якубова.

Суҳбатда қатнашган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Сардор Раҳимбоевнинг айтишича, вазирликнинг бу борадаги позицияси – қатъий: идора мажбурий меҳнатга 100 фоиз қарши. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши – бизга бўлган муносабат, дейди у.

“Ўқитувчиларни ким мажбурий меҳнатга жалб қиляпти – директор. Директорлар эса маҳаллий ҳокимиятлардан топшириқ олган, устозлар қўрққанидан келмади дедингиз, лекин келишса, бизга яхши эди. Бир нарсани айтай, ўқитувчиларга ишни ҳокимият эмас, вазирлик беради. Ҳозир энг катта муаммомиз – мана шу мажбурий меҳнатдан қутулганимизни ўқитувчиларга ҳам тан олдириш. Агар ҳамма ўз ишини қилса, ҳуқуқини билса, ҳеч қандай меҳнатга зўрлаш ҳолатлари бўлмайди”, дейди Сардор Раҳимбоев.

Аудиоларда эшитилишича, ўқитувчилар агар меҳнатдан бўйин товласа, ишидан қувилади. Норозилик билдирганлар эса ҳайфсан олади ёки маошидан кесилади, дарсидан айрилиб қолиши ҳам мумкин. Оиласининг сарф-харажатлари ва эҳтиёжи шу касбига боғлиқ бечора ўқитувчиларнинг олдида бошқа танлов қолмагач, овозини чиқармай ишлашни танламоқда. Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошев фикрича, ўқитувчиларнинг обрўйини ошириш, уларга ҳуқуқ бериш керак.

“Ўқитувчиларни қутқаринглар, жамиятни қутқарган бўласизлар. Бутун дунёда ўқитувчилар ҳурмат-иззатда, улар бошқалардан аввал пенсияга чиқади. Бизда эса ҳали-ҳануз коммунизм таъсири давом этяпти, топшириқ тепадан келса, лаббай деб бажариш ҳиссини йўқотолмадик. Директорлар бугун ўз лавозимидан кетиб қолишидан қўрқади, ўқитувчини айбдорга чиқаради. Муаллимларга ҳуқуқ бериш керак, улар фанини ўз дастури асосида ўқитишдан бошқа мажбуриятга эга эмас, уларга ҳуқуқ берилиши керак”, дейди 45 йиллик педагог Маҳмуд Йўлдошев.

Конституцияда ҳам суд ҳукм қилган ҳолатдан ташқари мажбурий меҳнат бутунлай тақиқланади. Директорларнинг эса ходимларини меҳнатга зўрлаши – асло мумкин эмас.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қиласиз.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид