Жаҳон | 18:27 / 14.08.2025
7280
5 дақиқада ўқилади

Ростов, Белгород ва Волгоградга дронлар ҳужум қилди

Ростов-Донда дрон шаҳар марказидаги турар жой биносига келиб урилган, камида 13 киши жабрланган. Белгород қаторасига иккинчи кун зарбага учради.

Фото: t.me/news161ru

14 август тонгида Ростов-Дон шаҳри марказидаги кўп қаватли уйга учувчисиз учар қурилма ҳужум қилган. Ростов области губернатори вазифасини бажарувчи Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида 13 киши жароҳатланган, шундан икки нафари болалар. Яраланганларнинг олти нафари шифохонага ётқизилган, камида икки нафари оғир аҳволда.

Телман ва Лермонтов кўчалари ҳудудидаги 10 та уйга зарар етган – уларнинг ойналари синган ва балконлари шикастланган. Телеграм-каналларда камида битта уйнинг томи қисман шикастлангани акс этган фотосуратлар эълон қилинди. Уйлардан 212 киши эвакуация қилинди, дея аниқлик киритди Слюсар.

Mash телеграм-канали маълумотларига кўра, Украина қуролли кучларининг ҳужуми нишони Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаби бўлган – дрон айнан шу объект томон учаётганди, аммо шаҳар маркази устида йўналишини кескин ўзгартирган. У турар жой биносига урилишига нима сабаб бўлгани маълум эмас – радиоэлектрон кураш воситалари унга таъсир кўрсатган бўлиши ҳам, бу навигация хатоси ёки мақсадли ҳужум бўлиши ҳам мумкин. Кремлга хайрихоҳ ҳисобланган Mash ва Shot телеграм-каналлари ёзишича, Украина қуролли кучлари ҳужум учун «Учар тулки» деб номланувчи, енгил моторли Аэропратк А-22 самолёти асосида ишлаб чиқилган дрондан фойдаланган.

Белгород қаторасига иккинчи кун ҳужумга учради. Губернатор аҳоли «янги тарихда ҳали бошдан кечирилмаган кунларни яшаётгани»ни айтди

Белгород кечадан буён зарбалар нишони бўлиб турибди. 13 август куни губернатор Вячеслав Гладков областнинг турли районларида украин дронлари ҳужуми оқибатида жароҳатланганлар борлиги тўғрисида маълумот берганди. Соат эрталабки 7 атрофида губернатор дрон шаҳар марказидаги ҳукумат биносига ҳужум қилганини айтди – бинода кичик шикастланиш қайд этилган, жароҳат олганлар йўқ. Бир соат ўтиб Гладков Украина қуролли кучлари ҳукумат биносига тўртинчи бор зарба берганини айтиб, шикастланиш акс этган фотосуратларни намойиш этди.

Шаҳар маркази ҳарбий хизматчилар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кучлари томонидан тўсиб қўйилган – ҳокимият биноси томон ҳеч ким ўтказилмаган. Гувоҳлар автоматдан отилган ўқ овозлари ҳамда портлаш овозларини эшитишган, шаҳар устида жуда кўп дрон учиб юрган.

Ҳужумлар фонида област оператив штаби навбатдан ташқари йиғилиш ўтказди, унинг натижаларига кўра, Белгород шаҳри ва Белгород районидаги йирик савдо марказларини шанба кунига қадар ёпиш; якшанбагача барча кўча тадбирларини тақиқлаш, шунингдек, давлат ва муниципал муассасалар ходимларини пайшанба ва жума кунлари масофадан ишлашга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, Гладков аҳолидан ҳужум хавфи туфайли кўчада иложи борича камроқ бўлишни сўради.

Белгородга ҳужум оқибатлари, 2025 йил 14 август
Вячеслав Гладковнинг Telegram’​​даги канали

Белгородликлар иккинчи кундирки «ҳали замонавий тарихда яшалмаган» кунларни бошдан кечирмоқда, деди Гладков матбуот анжуманида Украина ҳужумларини шарҳлар экан. Унинг сўзларига кўра, эрталабдан бери «ҳукумат биносига максимал даражада зарба берилмоқда». «Олдингизга келаётганимда, охирги қаватга зарба келди, шикастланиш катта эди. У ерда ҳамма нарса бор, биринчи қават, менинг хонам, дума», – деди губернатор. Унинг қўшимча қилишича, бинода фақат уч киши қолган, улар ўз вазифаларини лавозим ваколатлари доирасида бажармоқда – қолганлар у ердан олиб чиқилган.

Россия Тергов қўмитаси Ростов-Дон ва Белгороддаги фуқаролик объектларига ҳужумлар юзасидан терактлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилганини маълум қилди (ЖК 205-моддаси 2-қисми). Идора маълумотларига кўра, Белгородда уч киши жароҳатланган – оғир аҳволда бўлган эркак, унинг рафиқаси ва яна бир тинч аҳоли вакили.

Волгограддаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба

Украина қуролли кучлари бош штаби пайшанба куни эрталаб «Лукойл»га қарашли Волгоград нефтни қайта ишлаш заводига дронлар орқали зарба берилганини маълум қилди.

«Учувчисиз учиш аппаратларининг зарбалари кучли ёнғинларга сабаб бўлди», - дейилади Украина ҳарбийлари баёнотида. Уларнинг маълумотларига кўра, Волгограддаги нефтни қайта ишлаш заводи бутун Россия қайта ишлашининг 5,6 фоизини ташкил этади, завод дизел, бензин ва авиаёқилғи ишлаб чиқаради, улар Россия армиясининг «логистикаси учун жуда муҳим» ҳисобланади.

Тунда дронларнинг ёпирилма ҳужуми ҳақида Волгоград области губернатори Андрей Бочаров хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, «парчалар тушиши оқибатида Волгоград нефтни қайта ишлаш заводида нефт маҳсулотлари тўкилиши ва ёниши содир бўлган», жабрланганлар йўқ.

Губернатор ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлингани ҳақида хабар бермаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид