Жаҳон | 16:47
3116
5 дақиқада ўқилади

Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди

Ракеталар чегарадан 1000 километр масофадаги нишонларга етиб борган. Қрим ва Россиянинг 19 региони узра дронлар уриб туширилган. Уруш бошидан буён илк бор Омск областида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинган.

Фото: Видеодан кадр

Украина 10 июнга ўтар кечаси дрон ва ракеталар орқали Россиядаги нишонлар бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. РФ мудофаа вазирлигига кўра, Россиянинг 19 та региони ва аннексия қилинган Қрим ҳудудида дронлар уриб туширилган. Урал федерал округининг барча олтита регионида ва уруш бошидан буён илк марта Омск областида ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янграган.

Чебоксарга ракета ҳужуми амалга оширилди, деб хабар берди Чувашия раҳбари Олег Николаев. Унинг сўзларига кўра, уч киши яраланган – шундан иккитасининг аҳволи ўрта даражадаги оғирликда, учинчисининг жароҳати енгил. Astra телеграм-канали зарба берилган жойда олинган фото ва видеоларни ўрганган ҳолда ҳужум нишони «ВНИИР-Прогресс» корхонаси бўлганини маълум қилган. Бу заводда дронлар, шунингдек, қанотли ва баллистик ракеталар учун «Комета» навигация модуллари ишлаб чиқарилади. Ушбу корхона олдин ҳам ҳужумга учраган – бу ерга 2025 йил ноябрида ва 2026 йил май ойи бошида зарба берилганди.

Чебоксар
Exilenova+
Чебоксар, «ВНИИР-Прогресс»
Володимир Зеленскийнинг телеграм-канали

Самара областида ҳам украин дронлари ҳужуми оқибатида уч киши яраланди. Регион раҳбари Вячеслав Федоришчевга кўра, бир неча саноат корхоналарда шикастланишлар қайд этилган, аммо тафсилотлар келтирилмаган.

Самара
Exilenova+

Astra нашри ёзишича, ҳужум оқибатида «Роснефт»га тегишли ҳисобланган Куйбишев нефтни қайта ишлаш заводи ёниб кетган. Бу Волга бўйидаги етакчи нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, у энг юқори экологик стандартларга эга бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Куйбишев нефтни қайта ишлаш заводи
Володимир Зеленскийнинг телеграм-канали

Владимир области губернатори Александр Авдеев эса украин дронлари зарбаси оқибатида Камешковский ва Александровский округларида икки объектда (Авдеев булар айнан қандай объектлар эканига аниқлик киритмаган) ёнғин чиққани ҳақида хабар берган. Жабрланганлар йўқ. Astra ва украинларнинг Exilenova+ телеграм-канали ёзишича, бу ҳудудларда Второво ва Лобково нефт ҳайдаш станциялари ҳужумга учраган. Улар «Транснефт» тузилмаси таркибига киради ва бошқа ҳудудлар қатори Москва областига ҳам ёқилғи етказиб беради.

Владимир
Supernova+

Севастополда украин дронлари «Севастопол мудофааси 1854–1855 йиллар» панорамаси биносига зарар етказди, дея хабар берди шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Михаил Развожаев.

Михаил Развожаев телеграм-канали

Панорама XX аср бошида рассом Франц Рубо томонидан яратилган. У ўз асарига сюжет сифатида 1855 йил 6 июн куни Малахов қўрғонига қилинган ҳужум қайтарилишини танлаган. 1942 йилда панорама биносида немислар авиацияси ва артиллерия кучлари зарбалари оқибатида ёнғин рўй берган. Полотнанинг учдан бир қисми вайрон бўлган, омон қолган учдан икки қисми бўлакларга ажратилиб, олиб кетилган. Кейинроқ совет рассомлари картинани тиклашган.

Развожаев 10 июн куни тонгида Франц Рубонинг панорамаси украин дронларининг тунги ҳужуми оқибатида «деярли яксон бўлгани» ҳақида хабар берди. Бироқ Севастопол мудофаа музейидагилар аниқлик киритиб, асл полотнонинг сақланиб қолган қисмлари шикастланмагани, улар бошқа хоналарда сақланишини маълум қилишди. Панорама биносида совет рассомлари томонидан чизилган полотно мавжуд. Музей ходимлари унинг шикастланиш даражасини экспертиза ўтказилгандан сўнг баҳолаши мумкин.

Музейдан хабар беришларича, «оператив вазият» туфайли шаҳарда Севастополнинг 243 йиллигига бағишланган байрам тадбири бекор қилинган. Уни 14 июн куни Малахов қўрғонида ўтказиш режалаштирилган эди.

Володимир Зеленский ўз чиқишида Украина Россия ҳарбий объектлари ва нефт саноатига қарши «узоқ масофали санкцияларни қўллаш»да давом этаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Чебоксарга Украинанинг FP-5 «Фламинго» русумли ракеталари учиб борган. Чебоксардан Украина чегарасигача бўлган масофа тўғри чизиқ бўйлаб камида 1000 километрни ташкил этади.

Самара областидаги Куйбишев нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Владимир областидаги иккита нефт инфратузилма объектига аниқ зарба берилган, дея қўшимча қилди Зеленский.

Россия мудофаа вазирлиги хабарида келтирилишича, кун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари «Фламинго» русумли тўртта қанотли ракета ҳамда 766 та дронни уриб туширган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид