Жамият | 14:40 / 14.08.2025
20074
3 дақиқада ўқилади

Шерзодхон Қудратхўжани ҳақорат қилган шахс жаримага тортилди

Ҳуқуқшунос ва блогер Азиз Ҳакимов ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжани ҳақорат қилгани ва у ҳақда ёлғон маълумот тарқатгани учун суд қарори билан 18,7 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди.

Шерзодхон Қудратхўжа ва Азиз Ҳакимов

Comrade_Aziz номи остида фаолият юритадиган Азиз Ҳакимов журналист Шерзодхон Қудратхўжани ҳақоратлагани учун жарима тўлайдиган бўлди. Бунга оид иш ЖИБ Учтепа туман судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Шерзодхон Қудратхўжа Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Журналистнинг ёзишича, у Кирилл Алтманга берган интервюсида Россиянинг Смолин, Прилепин, Захаров ва яна бошқа сиёсатчиларига берган аччиқ жавоблари ва баҳосидан кейин Comrade_Aziz номи остида фаолият юритадиган Азиз Ҳакимов уни ҳақорат қилган. Шунингдек, обрўсизлантирадиган видеоролик ҳамда матнли хабарларни давомий чиқара бошлаган.

«Бир чиқди, индамадим, майли, бу сўз эркинлиги, дедим; икки чиқди, индамадим, майли, бу ҳурфикрлик дедим; уч чиқди, индамадим, бу баҳс ва полемика, дедим. Индамаганим сари бу кимса ўзбекона андишамни қўрқоқлик деб ўйлади шекилли, ҳаддидан оша бошлади, ахлоқ ва одоб чегарасини бузди, мени нацист деди, националист деди, босмачилар ва бойларнинг ўлмай қолган авлоди деди, исмимни камситиб ёзди, фамилиямдан “-ев”ни олиб ташлаганим, нима эмиш, ёқмаганмиш, шу сабаб боболарим исмини ҳам бузиб таҳқирлай бошлади. Хўп чидадим, кўп чидадим! Аммо қарасам, тинмаяпти, йигитларимизнинг ўзга давлатда жанг қилишини мадҳ қиляпти, нон-тузимизни еб туриб, бизнинг юртимизни, ватандошларимизни очиқдан очиқ ерга ура бошлади» деб ёзган Шерзодхон Қудратхўжа.

Шунингдек, журналист сўз, фикр эркинлиги бўлиши кераклигини, бироқ ҳеч ким бошқа одамни таҳқирлаши, туҳмат қилиши ё ҳақорат қилиши мумкин эмаслигини билдирган, ташқи таҳдидлар хавфи ҳақида айтган.

«Ўзбекистоннинг дунё харитасидаги жойлашуви ноқулай ва мураккаб нуқтада жойлашган, нажот ёшларимизда, нажот билим ва илмда, нажот янги замонавий технологияларда! Эсингизда, ўтган аср бошида Қодирий бобомиз “Ўткан кунлар” романида бизни огоҳлантирганди. Юзлаб, минглаб жадидларимиз, ойдинларимиз қатағон бўлди, қабрларини ҳалигача тополмай сарсонмиз. Ўшандаям одамларимиз буғдой нархи, арпа нархи деб юришган. Шимолдан келаётган таҳдид нақадар хавфли эканини пайқашмаган»,  деган у.

Суд қарори билан Азиз Ҳакимов Шерзодхон Қудратхўжа тўғрисида ёлғон маълумот тарқатган ва уни ҳақоратлаган деб топилиб, 18,7 млн сўм миқдорда жарима жазосига тортилди.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид