Иқтисодиёт | 11:19 / 19.08.2025
4894
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилиши мумкин

2025 йил сентябргача Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.

Фото: manas.news

Қорақалпоғистонда криптовалюта майнингга ихтисослашган махсус зона ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги президент қарорида белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, 2025 йил сентябргача Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.                                                                 

Махсус зонада майнинг учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга рухсат этилади. Махсус зонадан майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиясидан фойдаланилган тақдирда махсус тарифлар қўлланади.

2025 йил ноябрда қарор лойиҳаси белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Майнинг — криптовалютани (масалан, биткоинни) «олиш» усули ҳисобланади. 2023 йил октябрида майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ўзбекистонда майнингни рухсатномасиз амалга ошириш тақиқланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид