TRT энг машҳур криптовалюта билан охирги ойларда юз берган вазиятни таҳлил қилди.

Рекорддан минимумларгача

Рақамли валюталар бежизга энг хатари юқори активлар қаторига киритилмайди. Бунга узоқдан мисол излаш шарт эмас. Октябр бошида Bitcoin нархи 126 минг доллардан ошган бўлса, декабрга келиб криптовалюта 85 минг доллардан арзонлашди.

«2025 йил охиридаги Bitcoin баҳосининг пасайиши кескин ўсишдан кейинги техник тузатишга ўхшайди. Бу ушбу актив учун хос бўлган одатий динамикага мос келади. Шу билан бирга, якунланаётган йил давомида Bitcoin фақатгина 4-9 фоизга арзонлашди. Январ бошида криптовалюта қарийб 93 минг доллар атрофида сотилаётганди», дея ҳолатни изоҳлаган AMarkets таҳлилчиси Игор Расторгуев.

Бироқ жорий ҳолат фақат коррекция билан чекланиб қолмади. Одатда барча активлар битта сабаб туфайли арзонлайди – сотувчилар энтузиазми харидорларникидан кучлироқ бўлиб чиқади. Бу ерда битта савол бор: бундай фон қандай шаклланди?

«Сўнгги пайтларда Bitcoin’нинг глобал ликвидлик билан бевосита боғлиқлиги тобора аниқроқ кўриняпти. Оддий қилиб айтганда, бу тизимдаги пул миқдори билан боғлиқ. Глобал ликвидлик кенгайган даврларда Bitcoin гуллаб-яшнайди, қисқарган пайтларда эса турғунлашади», - дея тушунтиради White Birds биржа савдоси бўлими раҳбари ўринбосари Ян Пинчук.

Август ўрталаридан бошлаб эса глобал ликвидлик қисқара бошлади. Бундан ташқари, АҚШ Федерал захира тизимининг (ФЗТ) қатъий пул-кредит сиёсати ҳам Bitcoin’га қарши ишлади. Шу сабабли регулятор раҳбари Жером Пауэл Доналд Трампнинг норозилигига учради. АҚШ президенти уни фоиз ставкаларини секин пасайтираётгани учун бир неча бор танқид қилди.

Инвесторлар зарарни ҳисоблашни бошлади

 Ноябр ойи ўрталарида инвесторлар оммавий равишда хатарли активлардан «тинч бандаргоҳ»га — қимматбаҳо металлар, юқори кредит рейтингига эга давлат облигациялари ва шунга ўхшаш воситаларга ўта бошлади. Бироқ кейин вазият ўзгара бошлади. ФЗТ вакиллари декабр ойида ставка пасайтирилиши мумкинлиги ҳақида сигнал берди. Бунга АҚШ меҳнат бозори бўйича маълумотларнинг ёмонлашгани сабаб бўлди. Пауэл таъкидлаганидек, пул-кредит сиёсати юмшатилгач, ишсизлик камайиши керак. Аммо инфляция аксинча тезлашади.

Бу Bitcoin’га маълум даражада таянч бўлди ва нархнинг 90–94 минг доллар оралиғида тикланишига ёрдам берди. Аммо кўтарилиш узоқ давом этмади. Инвесторлар Bitcoin сотиб олишни вақтинча тўхтата бошлади. Масалан, дунёдаги энг йирик корпоратив Bitcoin эгаси — Майкл Сейлорнинг Strategy Inc компанияси шундай йўл тутди.