Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Киев Хитой кафиллигига рози бўлмаяпти
Москва эса Украинада хорижлик аскарлар контингенти жойлаштирилишига қарши.
Yehor Kryvoruchko / Kordon.Media / Global Images Ukraine / Getty Images
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Хитойни урушдан кейин Украина хавфсизлигига кафил давлатлар қаторида кўрмаётганини айтди.
«Нега Хитой кафил бўлолмайди? Биринчидан, Хитой аввалбошдан бизга бу урушни тўхтатишда ёрдам бермади. Иккинчидан, Хитой дронлар бозорини очиб, Россияга ёрдам берди», – деди Украина президенти.
Зеленский, шунингдек, Хитой Будапешт меморандуми иштирокчилари қаторида бўлгани (бу гап унчалик тўғри эмас), бироқ Россия Қримни аннексия қилган 2014 йилда «ҳеч нарса қилмагани»ни айтди. «Бизга Украинага ёрдам бермайдиган ва 24 февралдан кейин бизга ҳақиқатан ҳам керак бўлган пайтда Украинага ёрдам бермаган гарант давлатлар керак эмас», – дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, Зеленский АҚШ томонидан «кучли» хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлган тақдирда Украинанинг НАТОга қўшилишини мажбурий деб ҳисобламаслигини маълум қилди. «АҚШ сиёсати – Украинани НАТОга қўшмаслик. Бу президент Трампдан олдин ҳам бўлган, бунда янгилик йўқ... Лекин бу кучли қарор бўлиши керак. Исроил тегишли кафолатларга эга. Агар АҚШ томонидан кучли кафолатлар бўлса, улар ишлайди», – деди Украина президенти.
Украина хавфсизлиги кафолатлари Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг Аляскада бўлиб ўтган учрашувидан сўнг фаол муҳокама қилина бошланди, ўша учрашув якунида Россия президенти Москва «Украина хавфсизлигини таъминлаш учун ишлашга тайёрлиги»ни айтганди. Кейинроқ АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Путин Украина НАТОнинг коллектив мудофаа тўғрисидаги низомининг бешинчи моддасига (алянсга қўшилмасдан) ўхшаш кафолатлар олишига рози бўлгани ҳақида гапирди.
Трамп, Зеленский ва Европа иттифоқчиларининг Оқ уйдаги учрашувидан сўнг кафолатлар режасини тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди. Ғарб нашрлари маълумотларига кўра, унга АҚШ давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилади.
19 август куни The Times нашри ёзишича, ҳозирда эҳтимолий кафолатларнинг тўртта турини ажратиб кўрсатиш мумкин: Украина ҳудудида хорижий қўшинларни тўлиқ жойлаштириш, фақат мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш, НАТО низомининг бешинчи моддаси бўйича келишув ҳамда АҚШ ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка ўхшаш янги мудофаа алянсини тузиш.
Бугун Зеленский хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш бўйича янги уринишларнинг асосий фарқи АҚШнинг уларда иштирок этишга аниқ розилиги бўлганини таъкидлади, илгари бунақаси кузатилмаган. Шу билан бирга, Пентагоннинг таъкидлашича, Вашингтон бу иштирок минимал бўлиши ва асосий рол европалик иттифоқчиларга ўтишини истайди. Европаликлар орасида кенг кўламли уруш тугаганидан кейин ўз қўшинларини Украинага юборишга тайёр бўлган етарлича давлатлар бор (Bloomberg маълумотларига кўра, ўнга яқин).
Шу билан бирга, Россия Украина учун қандай кафолатларни мақбул деб билиши ҳали ҳам аниқ эмас. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров 20 август куни бу кафолатлар «барча манфаатдор томонлар, жумладан, Украина қўшнилари хавфсизлиги»ни таъминлаши кераклигини айтди, у нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Шунингдек, у Россиясиз хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш «мумкин эмаслиги»ни таъкидлаган.
Россия очиқчасига қарши бўлган ягона вариант – Украина ҳудудида хорижий ҳарбий контингент жойлаштирилиши. «Ғарбнинг Украина томони билан мунозаралари шуни кўрсатадики, бу ниятларнинг барчаси, аслида, Украина ҳудудининг маълум бир қисмига хорижий ҳарбий аралашув орқали кафолатлар бериш билан боғлиқ. Ва умид қиламанки, бундай режалар тузаётганлар [...] бу Россия Федерацияси ва Европадаги барча соғлом фикрли сиёсий кучлар учун мутлақо номақбул бўлишини тушунишади», – деди бугун Лавров.
Мавзуга оид
15:21
Европа етакчилари Трампнинг Украина бўйича режасига ишонмаяпти — Der Spiegel
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
17:37 / 04.12.2025