Соғлом ҳаёт | 22:15
779
2 дақиқада ўқилади

Хитойда илк марта одамга чўчқанинг иккита буйраги ва жигари муваффақиятли кўчириб ўтказилди

Аъзолар мия ўлимига учраган одамга кўчириб ўтказилди, улар беш кунлик кузатув даврида ишлади, шундан сўнг эркакнинг қариндошлари илтимосига кўра тадқиқот тўхтатилди.

Фото: Universal Images Group via Getty Images

Хитойда тадқиқотчилар мия ўлими ташхиси қўйилган эркакка чўчқа буйраги ва жигарини кўчириб ўтказди. Бу тарихда биринчи марта одамга бир вақтнинг ўзида чўчқанинг бир нечта аъзоларини кўчириб ўтказишдир, деб хабар берди South China Morning Post.

Гуанси тиббиёт университетига қарашли шифохона олимлари гуруҳи ўз тадқиқотларида яқин вақтгача чўчқанинг алоҳида аъзолари одамга кўчириб ўтказиш амалга оширилганини, бироқ инсон организми бир вақтнинг ўзида бир нечта трансплантатга қандай жавоб бериши номаълумлигини ёзди.

Мия ўлими ташхиси қўйилган 53 ёшли эркакка чўчқанинг иккита буйраги ва жигари кўчириб ўтказилди. Аъзолар беш кунлик кузатув даврида ишлади, шундан сўнг эркакнинг қариндошлари илтимосига кўра тадқиқот тўхтатилди.

Тадқиқот чўчқадан инсонга бутун жигар ва иккала буйракни кўчириб ўтказиш мумкинлигини кўрсатди. Натижалар келажакда клиник қўллаш учун фойдали бўлиши мумкин, деб ёзади олимлар.

2024 йил март ойида АҚШда биринчи марта одамга ген-модификацияланган чўчқа буйраги муваффақиятли кўчириб ўтказилди. Бемор 62 ёшли эркак бўлиб, унга буйрак касаллигининг терминал босқичи ташхиси қўйилган. У шу йилнинг май ойида вафот этди.

Октябрь ойида генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқадан буйрак кўчириб ўтказилган тўртинчи бемор вафот этди. Эркак чўчқа буйраги трансплантацияси билан рекорд даражадаги 271 кун яшади. Аъзо 2025 йил январь ойида кўчириб ўтказилган, бироқ октябрь ойида функция пасайиши сабабли олиб ташланган ва бемор диализга ўтказилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид