Жамият | 19:29 / 22.08.2025
5113
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 50 сотих ерни 4 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар 200 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: ДХХ

Хабар қилинишича, Тошкент шаҳрида қурилиш объектларини лойиҳалаш билан шуғулланувчи МЧЖнинг офис менежери ҳамда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ўзаро тил бириктириб, алдов йўли билан тадбиркорнинг ишончига киришади.

Улар Мирзо Улуғбек туманидаги ўзларига тегишли бўлмаган 50 сотих ер майдонини тадбиркорга 4 млн АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан аванс сифатида 100 минг АҚШ доллари, шунингдек, юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ушбу объектни нотурар тоифадан турар тоифага ўтказиб бериш ҳамда у ерда коттеж типидаги уй қуриши учун рухсатнома олиш, архитектура ва лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириш ва бошқа тегишли ишларни бажариб бериш эвазига 200 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 100 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар 200 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий шерикларини шахсига аниқлик киритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид