Бизнес | 16:37 / 23.08.2025
2291
2 дақиқада ўқилади

Қатар компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритади

Шу ҳафта Ўзбекистон делегацияси Қатарга бориб, амир ва турли вазирлар билан учрашиб қайтган. Делегацияга ташқи ишлар вазири ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазирлари бошчилик қилди. Маълум бўлишича, Қатар компаниялари билан фармацевтика, «ақлли» шаҳар ҳудудларини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилади. Бу борада икки томон келишувга эришган.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳам тайёрланади. Буни вазир Лазиз Қудратов Қатарнинг давлат ва бизнес сектори вакиллари билан учрашувларида айтди.

Тадбирларда Qatar Pharma, Tamam International, Almana Group, Ariane Real Estate, Retaj Group, Al Mansour Group, Petro White, Qatar Mining, Global Infrastructure Partners, Qatar Investment Authority ва Al Jabor Trading каби етакчи компаниялар раҳбарлари қатнашган.

Ўзбекистон томони энергетика, фармацевтика, машинасозлик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, туризм йўналишларида инвестиция имкониятларини тақдим этди.

Энди икки давлат бизнес доиралари фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштирмоқчи, қурилиш ва кўчмас мулк соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинган. Шунингдек, «ақлли» шаҳар ҳудудларини ривожлантириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, туризм инфратузилмаси ва меҳмонхона бизнесига инвестициялар киритилади.

2026 йилда Доҳада Made in Uzbekistan кўргазмасини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон—Қатар бизнес кенгашини ташкил этишга ҳам икки томон рози бўлган.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид