Жаҳон | 07:46 / 23.08.2025
12622
2 дақиқада ўқилади

Россияга исириқ олиб борган тожикистонлик аёл 8 йилга қамалди

Исириқ Россияда таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд ўсимликлар рўйхатига киритилган.

Фото: sugdnews.com

Россияда суд Тожикистон фуқаросини исириқ (ҳазориспанд, гармала) ўсимлигини мамлакатга олиб киришга урингани учун 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасига таяниб, Asia-Plus хабар берди.

Тожикистонлик аёл Россия аэропортларидан бирида қўлга олинган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми («Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш») ва 229.1-моддаси 3-қисми («Россия божхона чегараси орқали таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни ноқонуний олиб ўтиш») бўйича айблов эълон қилинган.

«Тергов якунлангач, жиноят иши судга юборилди, судланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум этилди», дейилади Тожикистон Бош прокуратураси хабарида.

Бош прокуратура Россия ҳудудига исириқ олиб кириш ва ундан фойдаланишга уринишдан огоҳлантириб, «10 бирликдан ортиқ ҳазориспандни» ташиш ва сақлаш учун қоидабузар 1 миллион рублгача жарима ёки умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкинлигини эслатди.

2024 йил февраль ойида исириқ Россиядаги ноқонуний айланиши ва сақланиши учун жазо назарда тутилган гиёҳвандлик моддалари мавжуд ўсимликлар рўйхатига киритилган эди. Бунинг сабаби гармин - галлюциноген ва марказий асаб тизимини рағбатлантирувчи модда бўлиб, у биринчи марта қўлланганидан сўнг ҳам жисмоний ва руҳий саломатлик учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларида ўсимликдан фойдаланиш кенг тарқалган. Исириқ одатда тутатилади ва турли мақсадларда, масалан тиббиётда ишлатилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид